Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Биржадаги «ўйинлар». Бу ҳақиқатми?
<

Биржадаги «ўйинлар». Бу ҳақиқатми?

«Брокер» брокерлар уюшмаси раҳбари Собит Содиқжонов 1994 йили апрель ойида Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилган ва ҳозирги кунда Марказий Осиёдаги энг йирик савдо майдончаси ҳисобланган Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси фаолиятини кескин танқид қилди. Мутасаддилар эса унинг фикрлари асоссиз ва уйдирма эканини исботлаб берди.

Собит Содиқжонов Kun.uz таҳририятига мурожаат йўллаб, биржадаги «ўйинлар» нархнинг асоссиз ошиб кетишига сабаб бўлаётганини иддао қилди. Унинг айтишича, қонунчиликдаги айрим бўшлиқлар бунга йўл қўймоқда.

Kun.uz масала юзасидан бевосита брокернинг ўзи, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бўлим бошлиғи Обиджон Соатов ва биржа бўлим бошлиғи Алишер Ўриновни мунозарага таклиф қилди.

Собит Содиқжонов

«2004 йилдан биржада брокер сифатида фаолият юритаман. Ўша пайтларда товар-хом ашё биржасида савдолар ўтказилишида шаффофлик жуда юқори даражада бўлган эди. Минг афсуски, булар ҳаммаси ўтган замонда қолди, деб айтишга мажбурман. Ҳозир бу жараён 100 фоиз шаффоф эмас, дея олмайман, лекин шунга турли омиллар таъсир ўтказяпти. Бу – бизнинг фикримиз, биз биржанинг асосий иштирокчилари – брокерлармиз», – дейди Собит Содиқжонов.

Унинг билдиришича, шаффофлик камайишига қонунчиликдаги ўзгаришлар сабаб бўлган.

«Масалан, биржалар фаолияти тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилинган, 2003 йилда рўйхатдан ўтган ҳисоб-клиринг фаолияти тўғрисидаги низом талаблари бекор бўлди. Ҳукуматнинг 2018 йилдаги 33-сонли қарори қабул қилинди. Унда эса сотувчи ва харидорнинг келишувига кўра, шартномаларни жаримасиз бекор қилиш тартиби белгиланган. Бизнинг фикримизча, бу хато бўлган», – дейди у.

Алишер Ўринов

Товар-хом ашё биржаси бўлим бошлиғи Алишер Ўринов брокернинг фикрига муносабат билдириб, у кўтараётган масалага ойдинлик киритди.

«Шаффофлик ўзи нима? Шаффофлик – амалга оширилаётган барча амалиётларни барча учун очиқ ва эркин шаклда намоён этиш. Бугун биржада ёпиқ маълумот деярли қолмаган. Негаки, товар-хом ашё биржасида ўтадиган савдолар тўлиқ онлайн платформада амалга оширилади. Савдоларда иштирок этаётган ҳар бир томон маълумотлар билан танишишга тенг имкониятли. Ҳар бир сонияда берилаётган буюртма сони ва миқдори кўрсатилади, фақат савдо якунига қадар тарафларнинг ким экани ошкор этилмайди. Сабаби шундаки, келгусида харидор ё брокерларнинг сотувчи билан келишган ҳолда нарх бермаслигининг олдини олиш учун бу жорий қилинган. Бунда шаффофлик даражаси йўқолди, дейиш асоссиз бўлади», – дейди у.

Алишер Ўриновнинг айтишича, ҳуқуқ тизимида ягона тамойил ишлайди: тарафлар шартнома тузиши, ўзгартириш ва бекор қилиши эркиндир. Фуқаролик кодексининг 1-моддасида белгиланганки, ҳеч бир шахс шартномавий муносабатларга аралашишга ҳаққи йўқ.

«Шартномани бажармасликка олиб келган сабаблар пайдо бўлганда, томонлар ўзаро келишади. Агар улардан бири бу шартларга кўнмаса, шартнома бандларини бузган томондан иккинчи тараф фойдасига жарима суммаси ундирилади. Бу ҳолатда икки томон ўзаро келишув билан жаримасиз шартномани бекор қилиши ҳам мумкин», – дейди у.

Ўриновнинг қўшимча қилишича, биржа иштирокчилари, яъни брокерларнинг профессионаллигидан келиб чиқиб, уларнинг ҳаракатидаги қоидабузарлик учун жарима қўлланилади. Жарималар моддий кўринишда, қоидаларга зид бўлган ҳаракат такрорланса, брокер биржадан бир умрга четлатилиши ҳам мумкин.

Обиджон Соатов

«Биржадаги шартномавий муносабатларда томонлардин бири норози бўлиб, Монополияга қарши курашиш қўмитасига мурожаат этганда, биз иш қўзғатиб, жавобгарлик чорасини кўрамиз. Қўмита томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасига юқорида таъкидланган ҳолатларда жарима чорасини ҳам татбиқ этиш таклифи киритилмоқда», – дейди қўмита бўлим бошлиғи Обиджон Соатов.

Брокер Собит Содиқжоновнинг фикрича, ҳар қандай шартнома тузувчилар ундан иқтисодий манфаат олиш учун аҳд қилади. Агар томонлар савдо қилиб, шартнома тузиб, лекин уни ихтиёрий тартибда бузадиган бўлса, нархнинг сунъий оширилига сабабчи бўлишади.

Алишер Ўринов бундай ҳолатлар нархнинг сунъий оширилиши, яъни манипуляцияга умуман дахл қилмаслигини билдирди.

«Сотувчи ва харидор ўртасида биржа савдоларидан олдин келишиш имконияти йўқ. Бу факт. Бир кунда 1,5 мингга яқин шартнома тузилади. Сотувчининг вазифаси битта – товар ва унинг нархини белгилаб, савдога чиқариш. У савдо якунига қадар харидорларнинг амалиётини кузатади. Харидорлар ўзига қулай нархни таклиф этади. Манипуляция эса савдо якунига қадар тўсатдан жуда юқори нарх таклиф қилиб, бошқаларни юқори нарх беришга даъват қиладиган ҳолатдир. Агар ўша таклиф эгаси савдо давомида буюртмани бекор қилса, у манипуляция қилгани учун каттароқ жаримага тортилади. Бу жуда кам учрайдиган ҳолат», — дейди Алишер Ўринов.

Монополияга қарши кураш қўмитаси вакили Обиджон Соатов ҳам брокернинг фикрини инкор этиб, буни қуйидагича асослаб берди.

«Шартнома бугун бекор қилинса, эртага ўша товар яна савдо қўйилади. Режа бўйича эртага 300 тонна буғдойни савдо чиқармоқчи эди, энди кечаги бекор қилинган шартнома бўйича, яъни қўшимча тонналар савдога чиқади. Аксинча, бу нархнинг тушишига сабаб бўлади», – дейди у.

Ўриновнинг билдиришича, шартномаларни ихтиёрий бекор қилиниши нархнинг сунъий оширилишини мақсад қилиб, амалга оширилганда у манипуляция сифатида эътироф этилади. Аммо амалиётда бундан натижа чиқмайди.

«Ҳеч қачон бир кунлик савдо эртанги савдога қаттиқ таъсир ўтказгани, шартномалар бекор қилиниши натижасида нарх кескин ошиши кузатилмаган. Биржадаги 38та юқори ликвидли товарнинг 27тасининг нархи бошланғич қийматга нисбатан 10 фоизга ошади. Охирги 2-3 ойда эҳтиёж катта бўлган цемент мисолида кўрайлик: карантин даври тугагандан сўнг, июль ойида цементнинг 1 тоннаси 891 минг сўмга етди. Бунга нима таъсир қилди? Импорт қилиш паст эди, бунгача заводлар тўла қувват билан ишламади, мураккаб даврда қурилиш ишларини карантин қоидалари билан давом эттиришга рухсат берилди. Бунга шартномалар бекор бўлиши таъсир кўрсатган эмас», – деди у.

Суҳбат давомида цемент нархининг кўтарилиши ва тушиши, биржада брокерларнинг ўрни ва иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ҳақида маълумот берилган. Тўлиқ видеони YouTube орқали томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвир ва монтаж усталари – Шерзод Эгамбердиев, Отахон Юсупов.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

ykddzjnxkv7rxl7icsxwwyr5joseqzua

Ўзбекистонда инфляция даражаси 11,6 фоизни ташкил қилмоқда

Ҳозирда Ўзбекистонда инфляция даражаси 11,6 фоиз бўлиб, бу кўрсаткич йил якунига қадар 11 фоизга тушиши …