Главная / Маданият / “Бир-бирингизни лақаблар билан атаманг!”
<

“Бир-бирингизни лақаблар билан атаманг!”

kitob“Эй мўминлар, (сизлардан) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмни масхара қилмасин! Эҳтимол (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (Сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасинлар)! Эҳтимолки (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир” (Ҳужурот, 11).
Оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар бор. Улардан бирига кўра, оят Собит ибн Қайс ибн Шаммос (р.а.) ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ёнларига ўтиришни истаганида, у ерда ўтирган одам жойини бергиси келмади. Бунга Собитнинг жаҳли чиқиб, уни онаси сабабли айблади. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди.
Бошқа бир ривоятга кўра, оят Тамим қабиласи вакиллари ҳақида тушган. Улар Мадинага келишганида, Аммор, Хаббоб ибн Фуҳайра, Билол каби камбағал саҳобийларнинг бир аҳволдаги уст-бошларини кўриб кулишди. Шунда бу оят тушди.
Ўтган улуғ олимлар бундай қилмишдан қаттиқ сақланишарди. Амр ибн Шураҳбил бундай деган экан: “Мен бир одамнинг эчкини эмишга уринаётганини кўрсам ҳам, унинг бу ҳолига кулмайман. Сабаби бир куни унинг ҳолига тушиб қолишдан қўрқаман”.
“Эҳтимол, (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар”. Яъни, ўша масхара қилинаётган одам Аллоҳ талонинг ҳузурида масхаралаётгандан яхшидир, даражаси баланддир. Баъзи уламолар “яхшироқ бўлсалар” лафзини “тақводорроқдирлар”, “қалблари соғломдир” деб ҳам тафсир қилганлар.
“Яна (Сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасинлар)!” Бу ояти каримада аёлларнинг алоҳида таъкидланиши улар кўпроқ масхара қилувчи бўлганлари сабаблидир. Оят, кўпчилик муфассирларга кўра, пайғамбар (а.с.)нинг аёллари ҳақида тушган. Улар Умму Салама онамизни қисқа бўйлилиги сабаб масхара қилишганди.
Ойша онамиз (р.а.) ҳақида тушганини айтган тафсирчилар ҳам бор. Икрима ибн Аббосдан бундай ривоят қилинади: “София онамиз (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.)га йиғлаб: “Эй Расулуллоҳ, аёллар (Ойша билан Ҳафса) устимдан кулиб: “Яҳудийнинг қизи яҳудий!” дейишяпти”, деди. Шунда у зот (с.а.в.): “Сен ҳам: “Менинг отам Ҳорун пайғамбар, амаким Мусо пайғамбар, эрим Муҳаммад пайғамбар!” деб айтсанг бўлмасмиди?!” дедилар (Қуртубий тафсири).
Ойша онамиз айтадилар: “Бир куни Расулуллоҳга “София бундай хотин”, дея қўлим билан бўйи пастлигига ишора қилдим. У зот (с.а.в.): “Сен шундай сўз айтдингки, уни денгизга ташланса, унинг сувини ҳам бузарди!” дедилар (Термизий ривояти).
“Ўзларингизни мазах қилманглар”, яъни бир-бирингизни айбламанг. Бу ўринда “Ўзларингизни” дейилишига сабаб, мўминлар бир вужуд каби бир бутундирлар, шу боис мўмин қардошини мазах қилган ўзини мазах қилган бўлади.
Бакр бин Абдуллоҳ Музаний айтади: “Аган сен бутун айбларни бир ерда кўрмоқчи бўлсанг, бошқаларни кўп айблайдиган кишига диққат билан қара! Чунки у ўзидаги айблар туфайли ўзгаларни айблайди”.
Айтишларича, ўзганинг қусурини қўйиб, ўз камчилиликларини тузатиш билан шуғулланиш бахтиёрлик белгисидир.
“…бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар!” Яъни, бир-бирингизни ёмон лақаб билан чақирманг!
Абу Абдуллоҳ ибн Ҳувайзимандод бундай дейди: “Бу ояти карима кишига ёқмайдиган лақаб қўйиш мумкин эмаслиги, ўзи суйган лақаб билан чақириш жоизлигини билдиради. Чунончи, пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳазрат Абу Бакрга “Сиддиқ”, ҳазрат Умарга “Форуқ”, ҳазрат Усмонга “Зуннурайн” лақабларини берганлари машҳурдир”.
“Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир!” Яъни, Ибн Зайдга кўра, мусулмонга бўлган кишига тавба қилганидан кейин “кофир” ёки “зинокор” деб ном берилиши нақадар ёмондир. Оятнинг бундай шарҳи ҳам бор: “Ким биродарига ёмон лақаб қўйса ёки уни мазах қилса, у фосиқдир!”
Бундай мазмундаги саҳиҳ ҳадис бор: “Ҳар ким биродарига “Эй кофир!” деса, ўша сўз у икковидан бирига оид бўлади. Агар айтганидек бўлса хўп-хўп, борди-ю ундай бўлмаса, айтгани ўзига қайтади (яъни, унда ўзи кофир бўлиб қолади)” (Бухорий ва Муслим ривояти). Шунга кўра, Аллоҳ таоло қайтарган мазах қилиш, қош, кўз ишораси билан эрмаклаш ва лақаб қўйиш фосиқликдир ва жоиз эмасдир.
“Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир”. Энди ким бу ишларнинг гуноҳ эканини билганидан кейин дарҳол тўхтаб, тавба қилмаса ёки шу ишда давом этаверса, ундайлар ўз нафсларига зулм қиладиган кимсалардир.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

9459

Ўзбекистон маданият вазири тарихий обидаларни сақлашда координация йўқлигини тан олди (Видео)

Ўзбекистон Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистондаги тарихий ва маданий обидаларни сақлашда идорий органлар ўртасида ҳамоҳанглик …