Главные новости
Главная / Маданият / Беморни зиёрат қилишнинг фазилати
<

Беморни зиёрат қилишнинг фазилати

masjidБу дунёда инсонлар ҳаёти касалликлар билан ўзаро боғлиқдир. Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳар ҳил дард бериши мумкин. Кимдир узоқ ва сурункали касалга учраса, яна кимдир енгилроқ касал бўлиши мумкин. Инсон касал бўлган пайтда ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Шунга кўра, беморнинг яқинлари ва дўстлари унинг ҳолидан хабардор бўлиши, қўлидан келган кўмак бериши лозим бўлади. Зеро, бу мусулмон кишининг бошқа мусулмон биродари зиммасидаги ҳаққи бўлиб, шариъатимизда шу ҳақларни адо қилишга тарғиб қилинади. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُقَالَ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ سِتٌّ ، قِيلَ : مَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللَّهِ ؟ قَالَ : إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللهَ فَشَمِّتْهُ ، وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи олтитадир”, дедилар.

“Эй Расулуллоҳ! Улар қайсилар?”  дейилди. У Зот: “Унга рўбаро келсанг, унга салом бер, сени (бирор нарсага) таклиф этса, уни қабул қил, сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат бер, агар аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга ташмит (ярҳамукаллоҳ, деб) айт, касал бўлса, уни зиёрат қил, вафот этса, (жанозасига) иштирок эт”, дедилар (Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда санаб ўтилган ҳақлардан бири беморни кўргани боришдир. Беморни зиёрат қилиш инсоният учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бунда бемор ва зиёратчи учун ҳам жуда кўп манфаатлар бордир.

Беморни зиёрат қилиш касал кишига руҳий мадад бўлади, яъни, у ўз дўстлари олдида қадри-қиммати борлигидан хурсанд бўлиб, яшашга бўлган иштиёқи янада кучаяди. Беморнинг кайфияти кўтарилиши эса, касалликни енгишга сабаб бўлади. Шунингдек, у яқинларининг, дўстларининг меҳр-оқибатлари ва дуоларига сазовор бўлади. Натижада, улар ўртасида меҳр-оқибат, муҳаббат зиёда бўлади.

Беморни зиёрат қилишда зиёратчи учун жуда ҳам кўплаб фойдалар бор:

 عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : عُودُوا مَرْضَاكُمْ وَاتَّبِعُوا الْجَنَائِزَ تُذَكِّرُكُمُ الآخِرَةَ. رَواهُ الْبَيْهَقِيُّ

Абу Саъийд Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Касалларингизни кўргани боринглар ва жанозаларга иштирок этинглар, сизларга охиратни эслатади”,дедилар” (Байҳақий ривояти).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ: أنَّ رَسُولَ اللهِ – صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  قَالَ : « حَقُّ المُسْلِم عَلَى المُسْلِم خَمْسٌ : رَدُّ السَّلامِ ، وَعِيَادَةُ المَريض ، وَاتِّبَاعُ الجَنَائِزِ ، وَإجَابَةُ الدَّعْوَةِ ، وتَشْميتُ العَاطِسِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيهِ .

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон зиммасидаги ҳаққи бештадир: Саломга алик олиш, беморни кўргани бориш, жанозага эргашиш, чақириқни қабул қилиш ва аксирувчига ташмит айтиш”, дедилар. Муттафақун алайҳ.

عَنْ ثَوْبَانَ  رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ : عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « إنَّ المُسْلِمَ إِذَا عَادَ أخَاهُ المُسْلِمَ ، لَمْ يَزَلْ في خُرْفَةِ الْجَنَّةِ حَتَّى يَرْجِعَ » . قِيلَ : يَا رَسولَ الله ، وَمَا خُرْفَةُ الجَنَّةِ ؟ قَالَ : « جَنَاهَا » . رَواهُ مُسْلِمٌ

Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон киши мусулмон биродарини (касал ҳолида) кўргани борса, то қайтгунича жаннат хурфасида бўлади”, дедилар.

“Эй, Аллоҳнинг Расули! Жаннатнинг хурфаси нима?”-дейилди.

У зот: “Жаннатнинг мевалари”, дедилар” (Муслим ривоят).

 Ушбу ҳадисда “жаннат хурфаси”да, яъни, жаннат меваларида ичида бўлади”, дейилишидан, зиёратчининг кўплаб савобга эга бўлиши ирода қилинмоқда.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ : « مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِماً غُدْوَةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِي ، وَإنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ ألْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبحَ ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ في الْجَنَّةِ » . رَواهُ التِّرْمِذِيُّ

Али (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У киши айтдилар:

“Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Мусулмон киши бир мусулмонни эрта тонгда кўргани борса, оқшом тушгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади. Агар уни оқшомда кўргани борса, тонг отгунича етмиш минг фаришта унга салавот айтади” деганларини эшитганман”, дедилар (Термизий ривояти).

Араб тилида “салавот” сўзи “салот”, сўзининг жами бўлиб, дуо қилиш маъносини билдиради. Қуръони Карим ва ҳадисларда “салавот” сўзи Аллоҳ таолога, фаришталарга ва Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га нисбатан ҳам ишлатилган. Уламолар, Аллоҳ таолога нисбат берилган салавотдан, Аллоҳнинг раҳмати, фаришталарга нисбат берилган салавотдан, уларнинг бандалар учун, дуо ва истиғфор айтишлари, Пайғамбаримизга нисбатан ишлатилган салавот эса, мусулмонларнинг у зотни улуғлашлари ва дуо қилишларидир, дейишган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُقَالَ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، قَالَ : « مَنْ عَادَ مَرِيضاً أَوْ زَارَ أخاً لَهُ في الله ، نَادَاهُ مُنَادٍ : بِأنْ طِبْتَ ، وَطَابَ مَمْشَاكَ ، وَتَبَوَّأتَ مِنَ الجَنَّةِ مَنْزِلا » . رَواهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким касални кўргани борса ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, нидо қилувчи унга: “Сен хушҳол бўлдинг, юришинг ҳам хушҳол бўлди ва жаннатда бир манзилни эгалладинг”, деб нидо қилади”, дедилар” (Термизий ривояти).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُقَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « مَنْ تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ وَعَادَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ مُحْتَسِبًا بُوعِدَ مِنْ جَهَنَّمَ مَسِيرَةَ سَبْعِينَ خَرِيفًا ». رَوَاهُ أَبُودَاوُدَ.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат қилиб, мусулмон биродарини савоб умидида кўргани борса, жаҳаннамдан етмиш кузлик (йиллик) йўл узоқлаштирилади”, дедилар”.

عَنْ جابِرٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ” مَنْ عَادَ مَرِيْضًا لَمْ يَزَلْ يَخُوضُ الرَّحْمَةَ حَتَّى يَجْلِسَ فَإِذَا جَلَسَ اغْتَمَسَ فِيْهَا ” . رَوَاهُ مَالِكٌ وَأَحْمَدُ.

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким касални кўргани борса, то ўтиргунича, раҳматга кириб боради. Агар(касал олдида)ўтирса, раҳматга ғарқ бўлади”, дедилар” (Молик ва Аҳмад ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, касални зиёрат қилиш орқали инсон жуда ҳам кўплаб савобларга эга бўларди. Шунингдек, бу амал билан инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстлик ривож топади. Бундай имконият ҳаммамизда бор. Шундай экан, тезроқ бу имкониятдан фойдаланайлик! Беморларни зиёрат қилиб улкан савобларга эга бўлайлик!

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

Маданият ва санъат соҳасида ДХШ асосида берилиши мумкин бўлган давлат мулки объектлари рўйхати тасдиқланди

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга оширишга кўмаклашиш ва молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори …