Главные новости
Главная / Жамият / Байрам табриклари: Дунё тамаддунида юрт тарихининг янги саҳифасини очиш даври келди!
<

Байрам табриклари: Дунё тамаддунида юрт тарихининг янги саҳифасини очиш даври келди!

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Kun.uz вакиллари ҳам иштирок этдилар ва бир қанча давлат арбоблари, тадбир иштирокчиларининг халқимизга йўллаган табрикларини ёзиб олдилар.

Ботир Матмуратов, сенатор:

– Aввало, Сизларни ва яқинларингизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллик шодиёнаси билан самимий табриклайман.

Яқин йиллар ичида ўзбек халқи ҳаётида парламентнинг роли ошиб бормоқда. Бу соҳанинг очиқлиги, шаффофлиги таъминланишига ҳаракат қилинмоқда. Мустақиллик йилларида шахс тушунчаси кенгроқ тушунилиб, инсонга олий қадрият сифатида қаралмоқда. Aлбатта, бундай ижобий ўзгаришлар бардавом бўлишига барчамиз бирдай ҳаракат қиламиз.

Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Фарида Aфрўз, депутат, “Миллий тикланиш” Демократик партияси аъзоси, шоира:

– Байрам яқинлашгани сайин қалбимда беихтиёр ички бир тайёргарлик бошланади. Айниқса, Мустақиллик, яъники Ватан озодлиги, миллат эрки, эл-у юртга ҳурлик олиб келган байрамга етганимдан шодланаман. Бу озод ва обод кунлар учун курашиб, жон берган боболаримиз руҳи олдида қалбан бош эгар эканмиз, менинг ҳам бунда бирор бир ҳиссам бормикан, фикримда, тутимларим-у айтимларимда, деб ўйлайсан киши.

Ахир шу кунларнинг қадрини билиш, шукроналик ва ҳалоллик билан яшашнинг ўзи ҳам ўзига яраша инқилоб эмасми? Дунё тамаддунида ўзбеклар тарихининг янги саҳифасини яратиш даври келди. Янги қарашлар, янги фикрлар, ҳалоллик ва поклик билан янги ҳаёт қурайлик. Халқимизни Мустақиллигимизнинг янги ёши билан муборакбод этаман!

Ботирбек Тўразода, депутат, ЎзЛиДеП аъзоси:

– Бу йилги Мустақиллик байрами вазиятдан келиб чиқиб ўзига хос тарзда ўтди. Очиқ ҳавода, барча санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилди. Ўзим асли тадбиркорман. Бугунги кунда бутун жаҳон аҳли оғир даврни бошидан ўтказмоқда. Ана шундай мураккаб кунларда тадбиркорларимизга қатор имтиёзлар берилгани катта ютуқ бўлди, деб ҳисоблайман. Халқимиз билан бирдамликда бу кунларни енгиб ўтишимизга ишонаман.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги билан бутун юртдошларимизни табриклайман!

Aлишер Шодмонов, Соғлиқни сақлаш вазири:

– Бу йил бутун дунё учун оғир келди. Халқимиз синовлардан, айниқса, коронавирус пандемияси шароитида ўзининг ҳамжиҳатлигини намоён қилди. Aйниқса, тиббиёт ходимлари бу курашда асосий куч сифатида коронавирус билан касалланган беморлар қаршисига юзма-юз чиқиб, уларни даволашда фидойилик кўрсатмоқдалар. Шу маънода, бу йил тиббиётимиз тарихида ўчмас из қолдиради, деб айта оламан. Ўзимиз учун кўпдан-кўп хулосалар чиқардик. Ишончим комил, ҳали бу синовларнинг ҳаммаси ортда қолади.

Фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқига, жумладан, тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдираман.

Барчамизга Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги муборак бўлсин!

Шерзод Шерматов, Халқ таълими вазири:

— Халқ таълими вазирлиги номидан барча юртдошларимизни Истиқлолимизнинг 29 йиллиги билан муборакбод этар эканман, бу йилги байрамни халқимиз катта синовлар билан кутиб олаётганини алоҳида қайд этмоқчиман.

Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугун Ўзбекистон янги бир уйғониш даврига қадам ташламоқда. Халқимиз синовлардан мардонавор ўтиб, ўзининг бирдамлигини намоён этмоқда. Халқимизнинг бир-бирига меҳри-оқибати ошгани, ҳар биримиз ҳаётнинг қадрига яна бир бор етганимиз бунинг айни исботидир.

Синовли даврда жамиятимизнинг ҳар бир соҳаси янгича иш тизимига ўтди, ҳеч бири буткул тўхтамади. Ўқувчиларни масофадан ўқитиш каби янги тизим жорий этилгани ҳам таълим соҳасида юзага келиши мумкин бўлган бўшлиқнинг олдини олди ва бизнинг соҳа ҳам янги жараёнга муваффақиятли мослаша олишини кўрсатди.

Юртбошимиз томонидан айтилган табрик нутқларида ўқитувчиларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилганлиги янги ўқув йилини бошлаш олдидан уларга катта рағбат берди.

Барчангизни яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги билан чин юракдан муборакбод этаман!

Ёқуб Аҳмедов, Ўзбекистон Халқ артисти:

– Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги, ватанимизнинг қутлуғ байрами бутун Ўзбекистон аҳлига муборак бўлсин!

Хориждан дўстларимиз қўнғироқлар қилиб табриклашяпти, вилоятлардаги санъат ихлосмандлари қутлашяпти. Энг муҳими, мураккаб вазиятга қарамай давлат раҳбарининг шахсан ўзи қаршимизга чиқиб халқимизга табрик йўлладилар ва руҳимизни кўтардилар. Афсуски айрим юртдошларимизга, ҳамкасбларимизга бу кунларни кўриш насиб қилмади. Уларнинг хотираси қалбимизда абадий яшайди!

Эркин Комилов, Ўзбекистон Халқ артисти:

– Инсоният бошига тушган оғир кунлар ҳаммамизга дарс бўляпти. Бу вабо қаршисида қанчалик ожиз эканлигимизни барчамиз ҳис қилдик. Aллоҳнинг марҳамати билан мана бугун халқимизнинг Мустақиллик байрамига ҳам етиб келдик. Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги юртдошларимизга муборак бўлсин!

Ҳусан Эрматов, журналист, “Ишонч” газетаси бош муҳаррири:

– Давлат раҳбари ўз нутқида сўз эркинлиги масаласига алоҳида тўхталди. Бу соҳамизда олиб борилаётган ислоҳотлар давомийлигини англатади.

Куни кеча метрополитенимизнинг янги йўналишлари бўйлаб саёҳатимиз чоғида мураккаб вазиятга қарамай амалга оширилган бу йирик бунёдкорлик ишлари юртдошларимизга муносиб туҳфа бўлганини ўйлагандим. Бу халқ, Ўзбекистон аҳли буюк ишларга қодир ва мен ҳам барчани Мустақиллик айёми билан самимий қутлайман!

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

1 январдан олис ҳудуддаги ишга жалб қилинган олий маълумотли мутахассисга 11 млн сўм, шифокорга 30 млн сўм берилади

Фото: Kun.uz Президентнинг “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул …