Главная / Маданият / Бахту иқболнинг асоси
<

Бахту иқболнинг асоси

 bakhtЕр юзида яшайдиган инсонларнинг бахт ҳақидаги фикри турфа хил. Ҳар ким бахтни ўз дунёқарашидан келиб чиқиб тасаввур қилади. Кимгадир саломатлик, ким учун моддий фаровонлик бахт саналса, яна кимдир бағри бутунликни бахт, деб билади. Буларнинг ҳаммаси бир туйғуда туташади. У ҳам бўлса, кўнгил хотиржамлигидир. Қалбда хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат бўлмас экан, инсонга ҳеч нарса татимайди. Айтиш лозим, мустақиллик сабаб биз ана шундай улуғ неъматга эришдик.
Бугун, яхши ниятдаги инсон ўзи истаган мақсадни амалга ошириши мумкин. Хоҳласа, илм олади, тажриба орттириш учун жаҳоннинг турли олий ўқув юртларида ўқийди, истаса, тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласи ва жамият фаровонлигига ҳисса қўшади. Бунинг учун юртимизда барча қонуний асослар мавжуд. Бу қонунлар, шубҳасиз, Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида ишлаб чиқилган.
Давлатимиз Конституциясини “Бахтимиз қомуси” деб таърифлайдилар. Ҳақиқатан шундай. Ундаги бандлар, дини, ирқи, ёши, жинси, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча учун бирдек манфаатли ва тааллуқлидир. Масалан, 31-моддада: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб белгиланган. Ана шу моддада халқимизнинг бағрикенглик, ижтимоий адолат ва холислик сингари хислатлари ўз аксини топган. Бу, эътиқод эркинлиги нақадар муҳим масала эканини билдиради. Зеро, бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларлар 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқда. Аҳолининг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш Конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила каби аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Ҳозирда юртимизда 2200 дан зиёд диний ташкилот, 140 га яқин миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Сабаби, мана шу тотувлик ва эркинлик мустаҳкам қонуний асосга эга. Бугунги кунда давлатимиз томонидан турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга ўз эътиқоди тақозо этган амалларни бажариш учун зарур шароитларни яратиб бериш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
1991 йилда қабул қилинган, 1998 йилда янги таҳрирдан чиққан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 га яқин фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 50 дан зиёд қарори мамлакатимизда диний бағрикенглик тамойилларини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бош қомусимизга “Халқ тафаккури ва ижодининг маҳсули” деб таъриф беришади. Бу бежиз эмас. Зеро, ундаги ҳар бир модда халқ маънавияти чашмасидан сув ичган. Унда халқ руҳи, миллат қиёфаси тўлиқ акс этган. Масалан, Бош Қонуннинг 14-боби жамиятнинг муҳим бўғини бўлмиш оилага бағишланган. Унда халқимизга хос бағрикенглик ва меҳр-оқибат ўз ифодасини топган. Конституциянинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради”, деб белгилаб қўйилган.
Муқаддас Динимизда ҳам ота-оналарнинг фарзанд олдидаги масъулияти белгилаб қўйилган. Фарзандларга меҳр-шафқат кўрсатиш, чиройли таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўрганишларига етарли шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, уларни хушхулқ, солиҳ инсонлар қилиб тарбиялаш ҳар бир ота-она зиммасига юкланган.
Имом Байҳақий ривоят қилишича, “Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳақини билдик. Аммо фарзанднинг ҳақи нимадан иборат? – деб сўралганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга чиройли исм қўйиш ва гўзал одоб бериш”, деб марҳамат қилганлар.
Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Фарзандларингизни ҳурматланглар ва уларга чиройли одоб беринглар”, дейилган.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу: “Оила аъзоларингизга яхшиликни ўргатинг, уларни одобли қилиб тарбияланг”, деб айтган.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фарзандлар жаннат райҳонларидир”, деганлар.
Яна бир бошқа ҳадисда: “Ким қиз фарзанд кўриб, сабр-тоқат билан яхши тарбияласа, у ота-онаси учун қиёматда дўзахдан (сақлайдиган) парда бўлади”, дейилган. Бундан чиқди, ота-оналик ҳам шараф, ҳам катта масъулиятдир.
Конституциянинг 66-моддасида фарзандларнинг ота-оналари олдидаги бурчлари баён этилган: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”. “Ғамхўрлик” нима дегани? Ғамхўрлик меҳр-оқибат, муҳаббат ва иззат-икромдир. Ота-она кексайганида хизматларини қилиш, уларга ширинсуханлик ила муомалада бўлиш, ғамхўрлик қилиш, керак бўлса, “отам”, “онам”, деб бошига кўтариш, кўнгилларини кўтариб, дуоларини олиш савоби улуғ ишлардандир.
Икки дунё саодатидан умидвор ҳар бир инсон, албатта, падари бузруквори, волидаи муҳтарамасини рози қилади, дуоларини олсин. Зеро, ота-онанинг фарзанд ҳақига қилган дуолари шубҳасиз қабул бўлади. Аллоҳ таоло шундай деган: “Раббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни буюрди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари кексаликка етсалар, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (Исро сураси, 23-оят).
Аллоҳ таоло муҳтарам зотлар олдидаги бурчларимизни белгилаб қўйди. Жаннат умидида бўлган мўмин ва мўмина ота-онасининг розилигини олади. Зеро, улар бизнинг камолга етишимиз учун борини беришган, кунни тунга улаб меҳнат қилишган, “болам кам-кўстсиз ўсиб-улғайсин!” деб анча машаққат чекишган.
Ҳофиз Абу Бакр Баззор Бурайдадан, у киши ўз отасидан ривоят қилишича, бир одам онасини кўтариб юриб тавоф қилдираётган экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Онамнинг ҳақини адо этдимми?” деб сўрабди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Сен, унинг бир марта оҳ тортишининг ҳам ҳақини адо этолганинг йўқ”, деган эканлар.
Конституциянинг 66-моддасида фарзандларнинг ўз ота-оналари олдидаги, ҳам инсоний, ҳам фуқаролик бурчи белгилаб қўйилган. Бу ғоят савобли қарорлардан биридир. Шундай моддалар билан ҳам Бош қонунимиз кўп уламолар, жамоат арбоблари ва хорижлик экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Бош қомусимиз мамлакатда истиқомат қилаётган фуқаролар манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишига эришишда бош манбаидир. Шунга кўра, Конституция –бугунимиз ва келажагимизнинг пойдевори, бахт-иқболимиз асоси, дейиш мумкин.

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

ona

Она ҳақида шер (ӯзбекча шеърлар)

Шоир Алишер Навойи Она ҳақида шеъри Оналарнинг оёғи остидадир Равзаи жаннату жинон боғи. Равза боғи …