Главные новости
Главная / Маданият / БАХТЛИ ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ
<

БАХТЛИ ОДАМЛАР МАМЛАКАТИ

mamlakat“Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!”

Бахт дегани нима деб сўрасангиз, юзта одамдан юз хил жавоб эшитасиз. Чунки бахтни ҳар ким хар хил тушунади. Олимларнинг фикрича бахт – бу ички эҳтиёж ва талабнинг қондирилишидир. Бахтли одамлар бахтли мамлакатда эркин ва озод яшайди. Оддий тил билан айтганда бахт бу ички қониқиш билан яшашни англатади. Бахт бу одамларнинг фаровонлик ҳақидаги тассавурларининг рўёбга чиқишидир.
“World Happiness Report” ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга қараганда, 2015 йилда энг бахтли одамлар Швейцария, Исландия, Дания ва Норвегияда истиқомат қилар экан. Ўзбекистон бу рўйҳатда 44 ўринда туради. Мустақил Давлатлар Хамдўстлиги мамлакатларида Ўзбекистон бу борада биринчи ўринда туришини эслатиб ўтамиз. Шуни таъкидлаш керакки, Колумбия университети олими Жеффри Сакс (Jeffrey Sachs), Лондондаги иқтисодиёт мактаби ўқитувчиси Ричард Лейард (Richard Layard) ва Британия Колумбия университети ходими Жон Хеллиуэлл (John Helliwell) мазкур лойиҳа устида 2012 йилдан бери фаолият юритиб келишади. Улар шу тариқа жаҳон мамлакатлари ҳукуматларига давлатларнинг муваффақиятига нафақат иқтисодий ўсиш омил бўлмаслигини исботлашга уринишади. Тўғри, иқтисодиёти тараққий этган мамлакатларда одамлар соғлом ва бой яшайди. Лекин, бу уларнинг бахтли яшашини англатмайди. Тадқиқотчилар ўз ҳисоботларида одамларнинг бахтли ҳаёт кечиришларига сабаб бўладиган бошқа омиларни ҳам топишга уринишади.
Инсон ҳамиша бахт сари интилади. Бахтга иккита йўл билан эришиш мумкин. Биринчиси, бойлик, яхши уй-жой, кийим-бош ва ҳакозоларга эришиш. Иккинчиси маънавий бойликка эга бўлиш. Олимларнинг хулосасига кўра, бахтли яшашнинг олтита омили бор. Бахт ялпи ички маҳсулотнинг аҳоли жон бошига келадиган хиссаси, давлат томонидан фуқороларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланиши, узоқ умр кўриш, одамларнинг танлов ҳуқуқи, фуқороларнинг фаоллиги ва коррупция даражаси билан ўлчанади. Шу сабабли ҳам бахтли инсонлар фақат тараққий этган мамлакатларда яшайди, дейиш нотўғри бўлади. Бахт деганда нафақат бойлик, балки меҳр-оқибат, одамларнинг бир-бирларига бўлган муносабатлари, ўзаро ишонч ҳам тушинилади. Бойлик бахт дегани эмас. Шу сабабли ҳам ғарб мамлакатларида яшаётган бой – бадавлатларни тўла маънода бахтли деб бўлмайди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, қайси мамлакатда одамлар бой, соғлом, қийин вақтларда бир-бирларига ёрдам берса улар бахтли кишилардир. Ўзбекистоннинг мазкур рўйҳатдан 44-ўринни эгаллаши ҳам мана шунда бўлса керак. Чунки халқимиз азал-азалдан бошқаларга ёрдам беришни муқаддас бурчи деб билади. Бу ёзилмаган қонун даражасига кўтарилган. Ҳисоботда “Ўзаро ҳамкорлик” деган банд бор. Унда бахтли жамият яратиш йўлида одамларнинг муҳим тадбирларда биргаликда иштироки кўзда тутилган. Одамлар жамиятда ўз ўринларини топган тақдирдагина ўзларини бахтли санайдилар. Қаердаги одамлар жамият учун керакли эканликларини ҳис қилсалар бу мамлакатни бахтли инсонлар юрти деб аташ тўғрироқ бўлади. Мамлакатмизда фуқоролар ўз-ўзини бошқариш идоралари, ноҳукумат, нотижорат ташкилотларидаги иштироки билан мамлакат ҳаётида қатнашмоқда ва жамиятда ўзаро ишонч пайдо бўлишига ҳисса қўшмоқда.
“World Happiness Report” тадқиқотчиларининг фикрича, қайсидир мамлакатда ташқаридан кириб келган қоидалар асосида эмас, балки минг йиллик қадриятлар асосида турмуш кечирилар экан, ана ўша мамлакат аҳлини энг бахтли деб аташ керак. Жеффри Сакснинг фикрича, агар қабул қилинадиган қонун ва нормалар ижтимоий ҳаётга зид, маҳаллий ахлоқ қоидаларига тескари келадиган бўлса, у ҳолда улар самара бермайди. Бу каби қоидалар фуқороларнинг ҳукуматга ишончини сусайтиради ва жамиятда ижтимоий беқарорлик келтириб чиқаради. Жамиятда одамлар ўртасидаги ўзаро ишончга таҳдид солмайдиган чораларгина ўз самараларини беради. “Борига барака”, деб, топганимизга шукр қилиб, эртанги кунга ишонч билан яшашга одатланган халқмиз. Барча соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар, аҳоли турмуш даражаси ва сифати муттасил ошиб бораётгани истиқлолнинг илк йилларида Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг самараси экани дунёда тан олинмоқда. Ҳаётга тадбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар салмоқли натижалар бермоқда, одамлар ҳаёти яхши томонга ўзгариб, ҳар бир оиланинг фаровонлиги юксалмоқда. Шу ўринда “ўзбек модели” нақадар тўғри ва ўз вақтида қабул қилинганини қайта-қайта эслатиб ўтсак фойдадан ҳоли бўлмайди. Истиқлол йилларида қилинган ишларни сарҳисоб қилиб, аввалги тузум билан таққослайдиган бўлсак, қисқа муддатда асрларга татигулик ишлар қилинганлигининг гувоҳи бўламиз. Тўғрисини айтиш керак, истиқлолнинг илк йилларида Ўзбекистоннинг ўз йўлини ишлаб чиқиш учун кўп тер тўкилди. Тайёргарлик кўриш учун вақт йўқлиги англаб етилган ҳолда ана шу – “ўзбек модели” деб аталмиш тараққиёт йўли ишлаб чиқилди. Бунинг натижаси ўлароқ олға ташланган қадамдан асло чекинилмади. Танлаган йўлимиз тўғрилиги бугун тан олинмоқда. Мана шу қисқа муддат ичида катта вазифалар ҳал қилинар экан, муваффақиятсизликларга йўл қўйиб бўлмасди. Ўзбекистонликлар бир тану, бир жон бўлиб йўлда учраган ҳар қандай тўсиқларни бартараф этишар экан, мустақилликни мустаҳкамлаш ишига катта ҳисса қўшдилар. Шу ўринда Ўзбекистонга эндигина раҳбар этиб сайланган Ислом Каримовнинг муҳташам саройда кенг жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда билдирган фикрлари ҳеч эсимдан чиқмайди. “Агар бир мушт бўлиб бирлашсак, бизни ҳеч ким енга олмайди”, деган эди ўшанда Республикамиз раҳбари. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар очиб берди. Бахтли одамлар бир-бирларига меҳрибондир. Уларнинг кўзи бахтдан чақнаб туради. Таҳлилчилардан бири айтганидек, бахтли одамлар ҳеч қандай мукофот кутмаган ҳолда сайёрамизни қутқаришади. Ўзгаларга яхшилик қилиш халқимизга бегона эмас. Бир-бирмизга керак эканмиз, мана шунинг ўзи бахтдир.
“Бирни кўриб шукр қил, бирни кўриб фикр қил”, деганларидек, дунёда ва минтақада юз бераётган воқеа-ҳодисаларга назар солиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Таҳлилчилар ҳақли равишда таҳликали деб атаётган ХХI асрда дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетгандек бўлмоқда. Халқаро воқеаларнинг шиддат билан ривожланиши дунё жамоатчилигида катта ташвиш ва хавотир уйғотмоқда. Бойлик, манфаат, ўзгалар устидан ҳукмронлик қилиш, ривожланиш йўлига ўтаётган мамлакатларнинг ерости, ерусти заҳиралари устидан назорат қилиш кучли давлатларнинг бош мақсадига айланиб улгурди. Кучли давлатлар заиф мамлакатларга турли шаклларда таъсир ўтказиб, уларнинг бойликларига эгалик қилиш учун демократик ғоялардан қурол сифатида фойдаланмоқда. Натижада одамлар, мамлакатлар тинчлиги, осойишталиги издан чиқмоқда. Буни англаб етмаган мамлакатларда давлат тўнтаришлари, рангли инқилоблар содир бўлмоқда.
Ўзбекистонда эса ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли тинчлик-барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик тобора мустаҳкамланиб, демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг асослари яратилди, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида демократия принциплари, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари қарор топди, ижтимоий бозор иқтисодиёти шаклланиб, муваффақиятли фаолият юритаётгани мустақил тараққиётнинг асосий ютуқларига замин яратди. Бугунги кунда мамлакатимиз – миллати ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, барча фуқаролар учун муносиб ҳаёт шароити таъминланаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Дунё ва минтақада рўй бераётган нохуш ҳолатларни таҳлил қилар эканмиз, Ўзбекистон жаҳонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади, дея ишонч билан айта оламиз. Урушлар нималарга сабаб бўлишини қўшни Афғонистон мисолида кўриш мумкин. Бу мамлакатда 35 йилдан бери қон тўкилмоқда. Ўша йилда туғилган бола бугун бир неча фарзанднинг отасига айланди. Унинг болалари қўлда қурол билан туғилди, десак янглишмаган бўламиз. Уларнинг қўлидаги ўқ отар қуролларни олиб, ўрнига меҳнат қуролларини бериш учун эса анча иш қилиниши керак. Уруш қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлган Афғонистонни хароб қилди. Бугунги кунда Афғонистон жаҳондаги энг қолоқ ва қашшоқ мамлакат сифатида тан олинади. Хитой давлат арбобларидан бири Ден Сяопин ислоҳотлар ўтказилишидан аввал мамлакатда барқарорлик ўрнатилиши лозимлигини таъкидлаган эди. Тарихдан маълумки, Ден Сяопин олиб борган ислоҳотлар туфайли “осмон ости” деб аталмиш Хитой осмонга чиқди. Дархақиқат, тинчлик-хотиржамлик сабаб озод ватанимизда ободлик, бунёдкорлик ишлари амалга ошмоқда. Чекка қишлоқ атамаси фақат жуғрофий тушунча бўлиб қолди. Тоғли қишлоқда яшаётган ота-она ўзининг пойтахтда (ёки хорижда) таҳсил олаётган, меҳнат қилаётган фарзанди билан замонавий технологиялар орқали дийдор кўришиш, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлди. Фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камол топмоқда. Уларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун барча шарт-шароит, имкониятлар яратилган. Бу имкониятлардан самарали фойдаланаётган ўзбекистонлик болалар халқаро даражада ўтказилаётган фан ва спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритиб, Ватанимиз шуҳратини оламга ёйишмоқда.
Бугунги кунда президент Ислом Каримов олиб бораётган тўғри ва оқилона сиёсат туфайли мамлакатимиз ўзининг қадимий обрўсини қайта тиклади. Президентимизнинг “Ўзбекистон-бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” китобидаги: “Ўзининг миллий давлат манфаатлари устиворлигида ўзаро манфаатларни ҳар томонлама ҳисобга олиб, республика бирор бир буюк давлатнинг таъсир доирасига кирмаслиги даркор”, деган фикрлари бугунги кунда амалий ифодасини топмоқда. Бугунги кунда халқаро ҳамжамият сафидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётган Ўзбекистонимизга, унинг тарихан қисқа даврда қўлга киритган улкан марраларига, эл-юртимизнинг маънавий илдизлари, урф-одат ва анъаналарига, бир сўз билан айтганда, ўзбек характери, ўзбек табиатига бутун дунёда қизиқиш ва ҳурмат тобора ортиб бормоқда.
Сиёсий мустақиликни қўлга киритган Ўзбекистонимиз иқтисодий мустақиликка ҳам эга бўлди. Яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган Ўзбекистоннинг бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган, замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етган, экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилаётган, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Истиқлол йилларида “Шарқ машъали” деб таърифланмиш мамлакатимизда бетимсол бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Улкан иншоотлар, равон йўллар, кўприклар, гўзал хиёбонлар, замонавий таълим муассасалари, боғ ва боғчалар, янги қишлоқлар бунёд этилди. Юртимизнинг турли гўшаларида амалга оширилаётган бундай оламшумул ўзгаришларда тараққиёт, фаровонлик сари қатъият билан интилаётган халқимизнинг қалб қўри, бунёдкорлик салоҳияти, эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончи намоён бўлаётир. Махаллийлаштириш дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида маиший техника маҳсулотларининг барчаси – кондиционер, телевизор, радио, компьтер, мобил телефонлар, планшет, чангютгич, дазмол, кир ювиш машиналари – ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда, ҳатто хорижга экспорт қилинмоқда. Асакада енгил автомобиллар, Самарқанда юк машиналари, автобуслар ишлаб чиқарилмоқда. Юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бораётгани, жумладан, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар ва инфратузилма тармоқлари барпо этилмоқда.
Яқинда Швейцарияда “Жаҳон иқтисодий форуми” иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. Ўзбекистон мазкур рейтингда 5-ўринни эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Халқимизнинг тинимсиз меҳнати, изчиллик билан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли қўлга киритилаётган бундай улкан ютуқлардан ҳар биримиз фахрланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз”. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолимиз, биринчи навбатда кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва социал соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бормоқда. Ўзбекистон қўлга киритаётган бундай юксак натижаларнинг асосий омили ва мезони сифатида биринчи навбатда халқимизнинг фидокорона меҳнати, одамларимизнинг дунёқараши, сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб, фуқаролик позицияси тобора кучайиб бораётганида деб тўла ишонч билан айта оламиз. Мустақилликни мустаҳкамлашга заррача бўлса-да хисса қўшаёганимиз бизнинг авлод тақдири ва бахтидир.

Шарофидин Тўлаганов
“Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти

Ҳаққимизда Anvar

Яна маълумот

tojik-soniya

Тожикча шеърлар / Шерҳо

Дӯст ҳақида тожикча шеър Бархез, то ниҳем сари худ ба пои дӯст, Ҷонро фидо кунем, …