Главная / Маданият / Аср балосидан огоҳ бўлинг!

Аср балосидан огоҳ бўлинг!

olmaЖаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тахминича, яна 15-16 йиллардан сўнг дунё бўйича ақли заифликка чалинганлар, тиббиёт тили билан айтганда, деменцияга йўлиққан инсонлар сони икки баробар ошиб, қарийб 66 миллионга етиши мумкин экан. Янада даҳшатлиси шуки, мутахассислар ҳар йили дунё бўйича 7,7 миллион киши (1 сонияда битта одам) ушбу дардга мубтало бўлаётганини айтмоқда. Хўш, деменциянинг белгилари қандай? Маълум бўлишича, деменция ташхиси қўйилган беморларда хотира пасайиши, сўз бойлиги, тасаввур ва тушунча торайиши, шунингдек, фикрлаш жараёни бузилиши каби ҳолатлар кузатилади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бу касалликни нималар келтириб чиқармоқда? Биринчи галда ғаразли мақсадларни режа қилган турли мафкуравий-ғоявий оқимлар таъсири! Яъни, инсониятни маънавий-руҳий қашшоқликка элтувчи, бўлмағур ғояларни кўнгилочар тадбирлар сифатида тарғиб қилаётган ва бу орқали жаҳон маданиятини издан чиқаришга уринаётган халқаро кучларнинг хатти-ҳаракатлари, тобора чуқур илдиз отиб бораётган оммавий дидсизлик ёхуд бугун урфга кирган ибора билан айтганда, “оммавий маданият” ақли заифлик касалини келтириб чиқараётгани айтилмоқда.
“Оммавий маданият” – бу глобаллашув жараёни билан боғлиқ оммавий ишлаб чиқариш, “кўнгил очиш индустрияси” томонидан яратилган, омма истеъмолига мўлжалланган маданиятнинг сийқалаштирилган намуналари кўринишидаги салбий ҳодиса ёки “оломон маданияти”, деб таърифлайди мутахассислар.
Оммавий маданият ҳақида гап кетаркан, бу борада кучли танқидий концепцияни олдинга сурган таниқли испан файласуфи Хосе Ортега-и-Гассет қарашларига тўхталиш жоиз. Унинг фикрига кўра, жамият ўзига хос, ноёб фазилат эгалари бўлган сара кишилардан иборат озчиликка ва бир-биридан деярли фарқ қилмайдиган, шахсий қиёфаси, иқтидори кўринмайдиган кўпчиликка – оммага ажратилади. Шаҳарларда аҳоли сонининг тез ортиши ва тор ихтисослашув “оммавий инсон”ни вужудга келтирди, маданият имкониятларини кучсизлантирди ҳамда цивилизацияни руҳан барбод қилди. Ваҳоланки, бу хулосада испан файласуфи ёлғиз эмас. Унинг бу фикрлари, аввало, О. Шпенглер цивилизация инқирозининг белгилари сифатида санаб ўтган “индустрия тараққиёти, улкан шаҳарлар вужудга келиши, жамиятнинг инқирозга учраши, одамларнинг қиёфаси йўқ оммага айланиши” ҳақида ғоялари билан жуда уйғундир.
Ана шу қиёфасиз, агрессив омма туфайли ХIХ асрда демографик портлаш содир бўлди. Бу демографик портлаш либерал демократия, экспериментал фан ва техника асосида дунёни янгитдан қуриш жараёни билан бирга кечди. Янги жамият – цивилизация вужудга келгач, инсон қулай яшаш шарт-шароитларига эга бўлди; ҳамма нарсани тайёр қўлга киритадиган бўлди. “Оммавий инсон” айни шу шароитнинг натижаси ўлароқ шаклланди.
Ҳаётни бир марта бериладиган неъмат дея фикрлаб, бор вақтини кайфу сафога, енгил-елпи истакларга, кўрсанг, кўнглинг бузиладиган бемаза одатларга сарфлайдиган одамлар гуруҳини ер юзи бўйлаб кўпайтиришдан не мақсад? Мақсад битта: минг йиллар оша шаклланган миллий қадриятларни парчалаш, инсонлар онгига жойлашиб, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муддаолари йўлида улардан фойдаланиш. Афсуски, бугун Ер юзи бўйлаб оммавий маданиятсизлик кенгайиб бормоқда.
Маълумки, ғоявий тарбия суст бўлганда ёки тўғри олиб борилмаганда инсон онгида ғоявий бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқни шу миллат табиатига ёт ғоялар эгаллаб олиши ва турли мафкуравий тазйиқлар ўз зарарли таъсирини ўтказиши муқаррар. Бу, айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида “оммавий маданият” ниқоби остидаги хавф-хатарнинг кенг тарқалиб бораётгани масаласига жиддий эътибор қаратишимизни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, юртимизда замонавийлик деган ниқоб остига бекинган турли ғоялардан ёшларни бохабар қилиш, уларга қарши курашиш кўникмаларини шакллантириш масаласи давлат сиёсати даражасидаги вазифага айланган. Давлатимиз раҳбари ҳам бу борада сўз юритаркан, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.
Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб аташ ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-офатдек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб олмоқда”, – деб таъкидлаган эди. Ва барчани “воқеликка очиқ кўз билан, реал ва ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқлар чиқариб яшаш”га чақирган. Бундай иллатларнинг олдини олиш борасидаги чора-тадбирларга қарамасдан, “оммавий маданият” унсурлари бизнинг ҳам тўй-ҳашамларимизу юриш-турмушимизга, ҳаттоки маънавиятимизга тобора хунукроқ кўринишларда сингиб боряпти. Турли йўл билан мамлакатимизга кириб келаётган ажнабий модалар, маза-матрасиз мусиқий йўналишлар, Севишганлар куни каби беҳаёлик байрамлари, телбавор талвасани ёдга соладиган “Харлем Шейк” сингари оммавий шайтонлаш эпидемияси, афсуски, ёшларимизга ҳам таъсир этмай қолмаяпти. Ачинарлиси, бундай бидъат ва бегона ақидаларнинг асл мақсад-мазмунини барчамиз ҳам билмаймиз, англамаймиз. Фожиали томони шундаки, иймонни сусайтириб, қалбни кемириб борувчи бу амаллар гирдоби бора-бора сизу биз, фарзанд ва набираларимизни, сўнг эса бутун-бутун миллат ва элатларни тортиб кетади. Кўзни эмас, қалб кўзини очинг, азиз юртдошлар!

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …