Главные новости
Главная / Жамият / Асакада тиббиёт ходимларига берилган мукофот пуллари нега қайтариб олиняпти?
<

Асакада тиббиёт ходимларига берилган мукофот пуллари нега қайтариб олиняпти?

Андижон вилояти Асака тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлими ходимларига тўланган мукофот пули орадан 2 ой ўтиб қайтариб олинмоқда. Ҳолатга юқори турувчи идоралар аниқлик киритиши мақсадга мувофиқ.

Маълумки, президентнинг 2020 йил 30 июлдаги фармони ва ҳукуматнинг шу кунги қарорига мувофиқ, тез тиббий ёрдам ходимларига бир марталик моддий рағбатлантириш пуллари берилиши белгиланган. Мазкур моддий ёрдам учун республика бюджетидан 100 млрд сўм ва таниқли тадбиркор Алишер Усмонов томонидан қўшимча равишда 100 млрд сўм (10 млн доллар эквивалентида) миқдорида ҳомийлик хайрияси ажратилган.

Рағбатлантириш тўловларини тез тиббий ёрдам бўлимларида ишловчи врач ходимларга 5 миллион сўмдан, ўрта тиббиёт ходимлари (фельдшерлар ва санитарлар)га 4 миллион, ҳайдовчиларга эса 3 миллион сўм берилиши белгиланган эди.

«Аввал мукофот бериб, сўнг қайтиб олишяпти»

Тўрттош тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари Kun.uz билан боғланиб, уларга бир марталик моддий ёрдам пули берилгани ва орадан 2 ой ўтиб ўша пуллар ойлик маошларидан қайтариб олинаётгани ҳақида арз қилди.

«20 йилдан ошиқ вақт давомида Асака туман тез ёрдам бўлимида бир ставкада фельдшер бўлиб ишлаб келаман. Август ойида бизга 4 миллиондан рағбатлантириш пули беришди. Энди бўлса, сентябрь ойи маошимиздан мукофотнинг маълум миқдори қайтариб олиняпти. Мени ойлигимдан 500 минг ушлаб қолишди. Кейинги ойга яна олинар экан.

Бухгалтериядан сабабини сўрасам: «Май ойида ишламаганингиз учун», дейишди. Мен май ойида меҳнат таътилида эдим. Қарорда: «1 июлдан олдин ишга кирганларга берилади», дейилган. Фақат май ойида «отпуска»да бўлганим учун менга ўша ойга иш ҳақи тушмаган экан. Шунинг учун рағбат пули нотўғри, яъни кўп ҳисобланиб, энди қайтариб олинаётганмиш», – дейди бўлим фельдшери Ихтиёра Камолова.

«2020 йил январь ойида ишга кирганман. Июнь ойида тадбиркор ватандошимиз Алишер Усмонов томонидан ажратилган рағбатлантириш пули берилди. Мени пластик картамга 800 минг сўм пул тушириб беришган. Энди бухгалтерия сентябрь ойлигимдан рағбатлантириш тўловида 332 минг сўм ортиқча бериб юборилган, деган важ билан 122 минг сўм ушлаб қолибди.

Нима сабабдан қайтариб оляпсизлар, десам: «Юқоридан буйруқ бўлди», дейишди. Ўзи бир ойда иккита смена тураман. Энди бир сменамни пулини ушлаб қолишар экан. «Қайси буйруққа асосан бундай қиляпсизлар», деб сўрасак: «Прокуратура томонидан текшириш бўлиб, буйруқ чиқди», дейишди.

Бир ойда 400 минг сўм ойлик оламан. 200-300 минг ушлаб қолишса, қандай кун кўраман? Сентябрь ойида 18 минг 727 сўм маош олдим. Бухгалтерияга: «Нега бундай бўлди?» деб сўрасам: «Ортиқча берилган пулни ушлаб қолдик», дейишди. Нимага энди бизга мукофот пули берилади-ю, яна қайтариб олиняпти? Шуни сабабини билмаяпмиз», – дейди фельдшер Мардона Абдумаликова.

Фельдшер Диёра Мамирова ҳам унга 4 млн сўм мукофот пули берилган бўлиб, нотўғри ҳисоблангани учун сентябрь ойлигидан 500 минг ушлаб қолинганини айтди.

Тез тиббий ёрдам бўлимидаги шароитлар билан танишдик. Афсуски, муассасада ходимлар учун шароитлар ҳаминқадар. Хоналар таъмирталаб, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бинода ичимлик суви йўқ. Мавжуд учта тез ёрдам машинасига ёпиқ жой бўлмагани сабаб, қишин-ёзин ташқарида туради.

«Кўп тўлаб юборилган ходимлардан кам тўланган ходимга ўтказиб берилмоқда»

Тез тиббий ёрдам ходимлари дардини тинглагандан сўнг Асака туман тиббиёт бирлашмасига бориб масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Бирлашма бошлиғи Шерзодбек Камолов буни масъул ходимларнинг хатоси деб тушунтирди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт бирлашмамиз махсус ҳисоб рақамига моддий рағбатлантириш учун жами 1 миллиард 219 миллион сўм пул келиб тушган. Шундан 1 миллиард 103 миллион сўм пул ходимларнинг пластик карталарига тушириб берилган. Ошиб қолган 193 миллион сўм миқдоридаги пуллар эса яна қайта вазирлик ҳисоб рақамига қайтариб юборилган.

Лекин тиббиёт бирлашмамиз иқтисодчиси, тез тиббий ёрдам бўлими катта оғасининг техник хатолари ҳисобига баъзи ходимларимизга кўп, айрим ходимларимизга эса оз миқдорда пул берилган.

Бундан ташқари, қарорда шифокор, фельдшер, санитарка ёки кичик тиббий ходим ва ҳайдовчилар назарда тутилган. Тез тиббий ёрдам бўлимларида мавжуд – диспетчер, сумка тахловчи штатларга рағбат пули берилиши қарорда кўрсатилмаган бўлса-да, хато туфайли рағбатлантириб юборилган. Улар ўрта тиббий ходим сифатида тавсифланиб пул тўланган.

Ҳозирда хатоликлар ўрганилиб, туман адлия бўлимининг тақдимномаси чиққан. Бундан ташқари, туман молия бўлими ва туман прокуратураси томонидан мана шу ҳолат юзасидан текширув ўтказилди ва керакли тавсиялар берилди. Ана шу тавсиялар асосида тез тиббий ёрдам бўлими ходимларига йиғилиш ўтказилди. Ходимлар розилигини олган ҳолда йиғилиш баёни қилиниб, бу асосда буйруқ тайёрланди. Кўп тўлаб юборилган пул маблағлари кам тўланган ходимларга ўтказиб берилмоқда.

458-сонли қарор ижросини бажаришда хатоликларга йўл қўйгани учун туман тиббиёт бирлашмасини иқтисодчиси З.Турғуновага нисбатан маъмурий жарима жазоси, тез тиббий ёрдам бўлими бош оғаси Ш.Тешабоевга эса интизомий жазо чораси қўлланилди».

Бирлашма ҳуқуқшуноси Дилфузахон Ўрмонова хатоликлар оқибатида ходимларга нотўғри тўланган маблағларнинг қайтарилиши бўйича ташкилот раҳбарининг Меҳнат кодекси 164-модда 3-қисми билан 108/1-сонли буйруғи чиқарилганини билдирди.

Туман адлия бўлими бошлиғи: «Ташкилотда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган»

Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари муаммо юзасидан Асака туман адлия бўлимига мурожаат қилишган. Адлия бўлими туман молия бўлими билан ҳамкорликда текшириш ўтказганидан сўнг камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Бу ҳақида Асака тумани Адлия бўлими бошлиғи Илҳомжон Аҳмедов шундай дейди:

«Туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам ходимлари бир марталик моддий рағбатлантириш пуллари кам ҳисоблангани ва белгиланган тартибда берилмаётганини билдиришган. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида туман молия бўлимидан мутахассис жалб этилиб, ўрганиш ўтказилди. Ўрганиш натижасида бир қатор камчиликлар аниқланган.

Биринчидан, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июль кунги 458-қарори 30 июлда чиқарилган бўлса-да, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи томонидан ўрганиш кунига қадар қарор ижросини ташкиллаштириш бўйича буйруқ чиқарилмаган. Бирлашма раҳбари томонидан, мутасадди ходимлар – иқтисодчи, бухгалтерия ходими, кадрлар бўйича масъул ходимга қарор ижроси юзасидан вазифалар юкланмаган. Раҳбар фаолият юритаётган ходимларнинг ставкалар бўйича ҳисоблаш, пулларни белгиланган тартибда ажратиш ҳамда тиббиёт бирлашмаси ҳуқуқшуносига унинг қонунийлигини таъминлаш бўйича буйруқ чиқариб, сўнг ижросини ташкиллаштириш бўйича ахборот сўраши керак эди. Лекин ТТБ бошлиғи қарор ижросига масъулиятсизлик билан қараб, ҳеч қандай буйруқ, чора-тадбирлар режаси ҳамда «йўл харитаси» тузмагани, энг асосийси бу ерда бир марталик моддий рағбатлантиришни таъминлаш учун тез тиббий ёрдам ходимларининг қатъий рўйхати шакллантирилмагани сабаб бир қатор хатоликлар юзага келган.

Рўйхат тез тиббий ёрдам бўлими мудирининг оғзаки сўзига асосан «UzASBO» махсус ҳисоблаш дастурига киритилгани сабабли шу қонун бузилишлар келиб чиққан.

ССВнинг махсус ҳисоб рақамидан Асака тумани тиббиёт бирлашмасига 1 миллиард 219 миллион 250 минг сўм пул маблағлари келиб тушган бўлса, ТТБ томонидан жорий йилнинг 6 август куни ходимларнинг пластик карталарига 1 миллиард 26 миллион 250 минг сўм миқдоридаги сумма ўтказилган, қолган 193 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари вазирлик ҳисоб рақамига қайтарилган. Шу ердан ҳам билиш мумкинки, туман тиббиёт бирлашмаси бошида шу қарор ижросини ташкиллаштириш бўйича буюртма берганда аниқ рўйхат, аниқ миқдор белгиланмаган. Молия мутахассиси ўрганиш давомида 246 нафар ходимга 155 миллион 768 минг сўм ортиқча ҳамда 300 нафар ходимга 128 миллион 339 минг сўм кам берилганини аниқлади.

Туман адлия бўлими мазкур ҳолат юзасидан 26 август куни туман тиббиёт бирлашмасига қонун бузилишларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритди. Бирлашма ҳуқуқшуноси келгусида қонун бузилишларини бартараф этишда Меҳнат кодекси талаблари асосида иш кўриши бўйича огоҳлантирилди. Яъни нотўғри тўланган маблағлар ходимлар иш ҳақидан қайтарилиши жараёнида 50 фоиздан ортиқ маблағ ушлаш мумкин эмаслиги, кам ҳисобланган миқдор аниқлангандан кейин бир ой муддат ичида қайтариш лозимлиги, бир ойлик муддат ўтиб кетганидан кейин суд тартибида ундириш кераклиги тушунтирилган.

Тиббиёт бирлашмасида меҳнат қонунчилигининг қўпол бузилиш ҳолатлари аниқланди. Тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари – диспетчер ва сумка тахловчиларни вазифаларга тайинлашда буйруқ чиқарилмаган. Буйруқ чиқарилмасдан фақатгина тез тиббий ёрдам бўлими мудирининг графикка қўйиши бўйича ойлик маош ҳисоблаб келинган.

Яна бир ачинарли ҳолат: 300 нафар ходимга 128 миллион 339 минг сўм кам берилгангани учун 246 нафар ходимга тўланган 155 миллион 768 минг сўм ортиқча маблағ ходимлар маошидан ушлаб қолинганидан сўнг яна 27 миллион сўм ортиқча сумма пайдо бўлиб қоляпти ва бу сумма Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобига ўтказилади. Ахир ўз ишига шу даражада ҳам масъулиятсизлик билан ёндашиш мумкинми?» – деди Илҳомжон Аҳмедов.

Хулоса ўрнида

Шу ўринда меҳнат қонунчилигини ёдга олмай иложимиз йўқ. Меҳнат кодексининг 279-моддасига кўра (ортиқча тўланган иш ҳақини қайта ундириб олиш шартлари) иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан қонуннинг нотўғри қўлланиши оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмас. Аммо нимагадир, ишни кўриб чиққан на прокуратура ва на адлия бўлими бу ҳақида оғиз очмаган.

Аслида, бу вазиятда ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мавжуд бўлган, шу ходимларнинг маошидан аъзолик бадали оладиган касаба уюшмаси жонбозлик кўрсатиши керак эмасми?

Расмий идораларнинг бу вазиятга эътибор қаратишларини сўраб қоламиз.

Элмурод Эрматов
Аҳрорбек Ёқубжонов

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

zeusex-6nxsk6-jrlj4e4vcqvv_ktnlf

Президент селекторида ер сотаётган вақтида ушланган амалдорлар ҳақида маълумот берилди

15 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ер ҳисоби ва кадастр масалаларига бағишлаб йиғилиш ўтказди. Унда …