Главные новости
Главная / Жамият / Қаршида тадбиркорлик бошлашнинг қандай «қоидаси» бор? Америкадан қайтиб сарсон бўлаётган тадбиркор ҳасрати
<

Қаршида тадбиркорлик бошлашнинг қандай «қоидаси» бор? Америкадан қайтиб сарсон бўлаётган тадбиркор ҳасрати

Жавлон Жўраев — узоқ йил хорижда меҳнат қилиб, тадбиркорликни йўлга қўйган, ўзи туғилган шаҳарга ярим миллион доллар инвестиция олиб келган ва икки йилдирки, ҳокимлик тўсиқларига учраб, бизнесини йўлга қўя олмаётган, муаммони ҳал этиш учун ҳамон ҳокимлик эшигида сарғаяётган ўзбек йигити.

У бизга бошдан ўтказаётганларини сўзлаб бераркан, пули бор одамнинг ҳам Қаршида бирор иш бошлаб ривожлантира олишига энди ишонмай қўйганини ва маблағини сақлаб қолиш учун албатта ортга қайтиб кетиш, ўша ерда ишлаб, ўша ерда туриб ҳамюртларига ёрдам бериш осонроқ эканига ишонч ҳосил қилганини айтмоқда.

Хўш, Қаршида унга қандай тўсқинликлар бўлганки, ишини бошлай олмаяпти ва бу қадар расмий идоралардан кўнгли қолган?

«2018 йил президентимиз АҚШга сафари давомида ўша ерда яшаётган ўзбеклар билан учрашиб айтган гаплари менга жуда қаттиқ таъсир қилганди. Чунки мен ҳам Нью-Йоркда яшаб, ишлаб келаётган ўзбекистонликлардан бири эдим.

Давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман, мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман», деган гапларини эшитган заҳотим юртга қайтиб, шу ерда меҳнат қилишни ният қилдим. Айниқса, президентнинг «Барчангизнинг мамлакатимизни ривожлантиришга сидқидилдан ҳисса қўшишга тайёр эканингизни кўриб, чин дилдан мамнун бўлиб турибман. Ҳаммамиз жонажон Ватанимиз равнақи йўлида бир ёқадан бош чиқариб бирлашсак, олдимизга қўйган ҳар қандай юксак маррага албатта етишимизга ишонаман», деган гапларидан сўнг менда ватанга дахлдорлик ҳисси пайдо бўлди.

Аммо давлатимиз раҳбарининг куюнчаклиги, назаримда, маҳаллий раҳбарларнинг ҳаммасида ҳам бор эмас экан.

2019 йилда Қаршига келдим. Вилоят ҳокими қабулига кириб, қўлимда 100 минг доллар борлиги, америкалик ҳамкорим эса 300 минг доллар инвестиция киритишга тайёр эканини билдирдим. Бу сарфланиши кўзда тутилган маблағ фақат бошланиши бўлиб, олдимизда улкан режалар турганини айтдим. Вилоят ҳокими фикримни маъқуллаб, тадбиркорлик учун ер берилиши, лойиҳам дастурга киритилишини айтди.

Тез орада АҚШнинг «LA TRANS LLC» компанияси билан биргаликда лойиҳа қиймати 400 минг АҚШ доллари бўлган «LA TRANS LLC KARSHI» қўшма корхонасини ташкил этдик. Қарши шаҳри Жайҳун кўчасидан доимий фойдаланиш учун 900 кв. метр ер майдони ажратилди.

2019 йилнинг 17 сентябрида Қарши шаҳар ҳокими қарори билан ерга эгалик ҳуқуқи берилди. Қурилишга оид тегишли ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида вилоят ҳокими ҳам, Қарши шаҳри ҳокими ҳам алмашди. Барча ҳужжатларим тайёр бўлиб, пойдевор ишлари бошлангач, ҳокимлик томонидан бу ерда қурилиш қилишим мумкин эмаслиги айтилди», — дейди Жавлон Жўраев.

Тадбиркорга берилган дастлабки ер учун ҳоким қарори

2019 йил юқоридаги қарорга асосан ажратилган ер

Тадбиркор қайта-қайта мурожаат қилавергач, 2020 йил февраль ойида Қарши шаҳрининг бошқа ҳудудидан, «Хўжа Хиёл» маҳалласидан ер ажратилади.

Тадбиркор ер майдони ажратиш тўғрисида ҳокимнинг кейинги қарори

Иккинчи марта берилган ер

Бу ҳудудда тадбиркор жаҳон стандартлари асосида «Соғломлаштириш маркази» қуришни режалаштиради. Аммо вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан ушбу ер майдонида яқин кунларда боғ барпо этилиши маълум қилиниб, тадбиркорнинг лойиҳаси тасдиқланмайди. Яна вақт ва шунча ҳаракатига куйган тадбиркор қўлида ҳоким қарори билан қолаверади.

Шунда ҳам Қаршида бирор лойиҳа амалга ошириш фикридан қайтмаган тадбиркор яна шаҳар ҳокими қабулига киради. Унга учинчи марта ер ажратилади. Бу сафар шаҳарнинг «Мағзон» маҳалласи ҳудудидан.

ҳокимнинг учинчи марта берилган ер ажратиш тўғрисидаги қарори

Учинчи марта ажратилган ер

Ниҳоят, тадбиркор соғломлаштириш маркази, хусусий боғча ва иссиқхона барпо этилиши кўзда тутилган уч босқичли лойиҳа қурилишининг дастлабки қисмини бошлайди. Бироқ учинчи уриниш ҳам охирига етмайди. 2020 йил 20 июль куни Қарши шаҳар ҳокимлигидан қурилиш ишларини тўхтатиб туриш мазмунида огоҳлантириш хати келади.

«Бу орада Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан менга ер эгалиги бўйича берилган барча қарорлар бекор қилинди. Шу тарзда ҳокимлик бир йил давомида менга уч марта ер ажратиб, шунча марта сарсон қилди. Охирида эса барча қарорлар янги битта қарор билан бекор қилинди.

Мен фақат қаерда хато қилганимни тушунмайман. Қонун-қоидаларни ўша қарор чиқарадиганлар мендан яхши тушунишса керак? Улар қандай ҳужжат айтган бўлса тайёрладим. Аммо қани ишни бошлай олсам. Билмадим, тинчгина ишни бошлай олишимнинг бирор сири борми ёки йўқ?», дейди Жавлон Жўраев.

Унга нима сабабдан уч марта қарор чиқарилиб сарсон этилганига мутасаддилардан аниқ жавоб олиб бўлмади. Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳуқуқшуносининг маълум қилишича, қарорлар шаҳар прокурори протести асосида ҳоким қарори билан бекор қилинган. Аммо протест шу йил, 17 июлда киритилган. 20 июнда эса Қарши шаҳар ҳокимининг ҳар учала ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш бўйича учта қарори чиққанди. Унгача нима сабабдан ҳар сафар қарор берилгани ҳолда тадбиркорнинг иш бошлашига қаршилик қилингани мавҳумлигича қолмоқда.

Чиндан ҳам нима сабабдан ҳокимлик Ж.Жўраевга тадбиркорлик қилиш учун ер ажратмоқдаю, энди иш бошлаш арафасида тўхтатиб қўймоқда. Энг қизиғи, бошқа ерда ҳам энди иш бошлай деганида яна бу ҳолат такрорланмоқда.

Ҳокимлик ҳуқуқшуноси тадбиркор иш бошлай олмаётган учинчи ер масаласига изоҳ берди. Унга кўра, тадбиркор бу ердан фойдаланиш учун халқ таълими вазирлигидан рухсат сўраши керак бўлган ва бу ишни амалга оширмаган. Қолаверса, бу ер тадбиркорга берилишидан олдин туман захирасига қайтарилмагани айтилди. Шунингдек, ер аукцион орқали олинмаганига ҳам эътибор қаратилди.

Хўп, агар шундай бўлса, захирага олинмаган ерга қарор чиқарилгани кимнинг хатоси?

Умуман олганда, ер ажратиш тўғрисидаги қарор чиқаришидан олдин рухсат бериш далолатномасида нақ 12та ташкилотнинг розилиги олинган. Наҳотки Қарши шаҳридаги бирор-бир ташкилот мазкур ернинг низоли эканини билмаган ва айтмаган? Умуман, ҳужжатларда хато бўлса, бу тадбиркорнинг айбими ёки тегишли ташкилотларнинг? Модомики, ҳокимлик қарор чиқараверар ва бекор қилаверар экан, тадбиркорлар қандай қилиб ўз фаолиятини бошлаши мумкин?

Тадбиркор эса бу ер асло ХТВга қарашли эмаслиги, бу ҳақда тегишли ташкилотларнинг хулосасини олганини айтмоқда. Дарвоқе, юқоридаги қурилишга рухсат бериш далолатномасида кўплаб ташкилотлар қатори Қарши шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри раҳбарининг ҳам имзоси бор. Хуллас, тадбиркорга ер берилаётганида барча ташкилотлар рози, муаммо йўқ, энди ишни бошлайман деганда эса қатор камчиликлар…

Масаланинг яна бир томони бор. Шунча вақт давомида ер ажратиш тўғрисида қарорни чиқариш, кейин бекор қилиш ўрнига тадбиркорга ҳозирги вақтда ер аукцион орқали сотилиши тушунтирилгани маъқулмасмиди? Охир-оқибат бугун ҳокимлик муаммонинг келиб чиқишига айнан шу омилни ҳам санаб турибди-ку?!

Жавлон Жўраев, тадбиркор

Ҳаммасидан чарчаган тадбиркор ўзига 2020 йил 17 апрелда берилган ер ажратиш тўғрисидаги қарорини яна бекор қилган ҳокимликни судга беради. Жорий йил 29 сентябрида Қарши шаҳар маъмурий судида шаҳар ҳокимининг Ж.Жўраевга ер ажратиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш тўғрисидаги 2020 йил 20 июлдаги мазкур қарори ҳақиқий эмас деб топилади. Яъни ниҳоят Ж.Жўраев ўзига берилган сўнгги қарорни судда ҳимоя қила олади. Аммо шу билан ҳам у мазкур ерга эгалик қилиб, фаолиятини бошлай олмайди. Ер ҳали ҳам низоли бўлиб турибди.

Эҳтимол, битта ҳолат билан Қарши шаҳрида тадбиркорликни бошлаш шу қадар оғир экан, деган хулосага келиш нотўғридир. Аммо худди шу ўрганиш давомида яна бир неча тадбиркор ўз ишини йиллар давомида бошлай олмаётгани ҳақида шикоят қилишди (Кейинги мақолада уларнинг сарсонгарчилиги ҳам баён этилади). Бу ҳолат эса кишида савол уйғотиши табиий: Қаршида тадбиркорликни бошлашнинг қандай сири бор?

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

adz7lu7fuhwnieimtkj50_1ivungsatz

Талабалар — пойтахтнинг асл уйсизлари

Тошкентдаги асл уйсизлар кимлигини биласизми? Минглаб талабалар! Талабаларга вақтинча яшашлари учун одатда уй етишмайди. Уй …