Главная / Маданият / Араб тили тарихи

Араб тили тарихи

arab-tiliОламларни яратган, охирги пайғaмбарини ислом билан хушнуд қилган ҳамда Ўзининг наздидаги дин ислом эканлигига рози бўлган зот Аллоҳга беҳисоб-беадад ҳамд-у санолар бўлсин. Қурайшларнинг саййиди, арабларнинг энг фасоҳатлиси бўлган ҳамда икки дунёнинг чироғи бўлиб дунёни мунаввар қилган пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз-чексиз дуруд-у саловатлар бўлсин.
Араб тили сомий тиллар оиласига мансуб бўлиб, унинг адабий тил нормаси жоҳилият даврида шаклланган. Унинг тараққиёти уч босқичга бўлиниб ўрганилади: қадимги, классик ва ҳозирги замонавий араб тили.
Классик араб тили ислом байроғи остида Яқин ва Ўрта Шарққа, Марказий Осиё ва Африканинг кўп қисмига тарқалди. Бунда албатта, саҳобаларнинг ўрни беқиёс ҳисобланади. Кейинчалик, у Ўрта Осиёда узоқ вақтларгача халқаро ва билим тили бўлиб келди. Бу тилда давлат дастурлари олиб борилади ва ҳикматларга тўла асарлар ёзилади. Шулардан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Муҳаммад Хоразмий ва Маҳмуд Замахшарий каби ўзларининг чуқур илмий мулоҳазалари билан дунё фанининг равнақига сезиларли таъсир кўрсатган фан даҳолари, буюк ватандошларимиз ҳам шу тилда самарали ижод қилишган. Классик тил ҳозирги араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди.
Ҳозирги замон адабий араб тили Арабистон ярим ороли ва ундан шимолроқдаги ҳамда Шимолий ва Шарқий Африкадаги йигирмадан ортиқ давлатларнинг расмий тили ҳисобланади. Қадимги тилининг баъзи ёдгорликлари бизгача етиб келган. Тадқиқотчилар шу ёдгорликлардаги ёзувлар асосида унинг грамматик қурилишини ва қисман сўз бойлигини аниқлашга муваффақ бўлишган.
Классик араб тилининг намуналари эса бизгача жуда кўп миқдорда етиб келган. Унда мукаммал грамматик қурулишга эга бўлган, кенг лекцик таркибли, жоҳилий даври назми ва таъсирдор қабилалар лаҳжалари нодир хусусиятларини ўзида умумлаштира олган бой тилни кўриш мумкин. Араб давридаги ҳақ динни изловчиларнинг назмида:

فَيَا عَجَبًا كَيْفَ يُعْصَي الإلَهٌ أَمْ كَيْفَ يَجْحَدُهُ الْجَاحِدُ؟

Во ажаб! Қандай қилиб илоҳга осий бўлиш бор,
Ё инки инкор қилувчининг инкори бор .

    Классик араб тили такомилида араб қабилалари лаҳжасида энг эътиборлиси қурайш лаҳжаси ҳисобланган. Чунки уларнинг замини Маккаи мукаррама бўлган. Маккаи мукаррамада эса, улуғ Қуръони карим нозил бўлган. Қуръони карим араб тилида, қурайш лаҳжасида нозил бўлган. Унинг араб тилида нозил бўлганига Аллоҳ таолонинг каломида бир неча ўринларда зикр қилинган. Аллоҳ таоло Шуаро сураси 7-оятида шундай марҳамат қилади:

وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لِتُنْذِرَ أُمَّ الْقُرَى وَمَنْ حَوْلَهَا وَتُنْذِرَ يَوْمَ الْجَمْعِ لَا رَيْبَ فِيهِ فَرِيقٌ فِي الْجَنَّةِ وَفَرِيقٌ فِي السَّعِيرِ

(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ «тўпланиш куни» (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир. Шу боис, Муқаддас Китобни тўғри тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганишниш, хусусан сарф ва наҳв қоидаларининг аҳамияти беқиёсдир. Зеро, араб тилини билмаслик эмас, аксинча билиб, унда хато қилган инсонлар маломат қилинган.
Абу Тиб айтадилар: “Билгинки, арабларнинг каломига халал етказган ва ўрганиши энг эҳтиёж сезиларли нарса бу эъробдир. (Эъроб бу – калиманинг охиридаги ҳаракат) Ривоят қилинадики, бир киши               Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида сўзлаётиб, лаҳн (хато) қилади. Шунда у зот:

أَرْشِدُوا أخَاكُمْ فَقَدْ ضَلَّ

Яъни, “Биродарингизни тўғри йўлга йўллаб қўйинг, батаҳқиқ у адашди”, дедилар. Ёқут айтадилар: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг олдиларидан камон отишни яхши билмайдиган бир қавм ўтиб қолди. Уларга танбеҳ бердилар, улар айтишди: “Биз таълим олувчи қавммиз”. Умар разияллоҳу анҳунинг ғазаблари келди ва дедилар: “Албатта, сизларнинг тилингиздаги хатоларингиз камон отишдаги хатоларингиздан кўра ёмонроқдир”. Сабаби, ҳалиги камон отаётган қавм араб тили қоидасига зид қилиб гапиришган. Шу боис, Ҳазрат Умарнинг жаҳллари чиқади.
Ҳазрат Умар даврларида у зотга волийлардан бири мактуб ёзади ва унда лаҳн қилади. Бу Умар разияллоҳу анҳуга хуш келмайди. Ибн Қутайба айтадилар: “Бир аъробий бир муаззиннинг бундай деяётганини эшитиб қолади:

أشْهَدُ أنَّ مُحَمَّدَّا رَسُول الَّله

    Муаззин رَسُولُ сўзини насб (фатҳа ҳаракати)да ўқийди. Ҳалиги эшитиб турган киши аъробий бўлсада, ажабланиб: “Шўри қуригур, бу нима қиляпти ўзи?”, дейди. Бир аъробий бозорга кириб бозорчиларни лаҳн қилаётганини эшитиб қолади ва “Субҳаналлоҳ, лаҳн қилишяпти. Биз эса лаҳн ҳам қилмаймиз, фойда ҳам кўрмаймиз”, дейдилар. Яъни улар шунча хато қилишса ҳам, фойда кўриб ётишибди. Биз эса тўғри сўзлаб, фойда кўришни билмаймиз дейишган.
Асмоий айтадилар: “Тўрт киши на ҳазлида ҳам ва на жиддий гапида ҳам лаҳн (хато)га йўл қўймаган. Улар Шаъбий, Абдулмалик ибн Марвон, Ҳажжож ибн Юсуф ва Ибни Фариадир. Уларнинг ичида энг фасоҳатлиси Ҳажжож ҳисобланади”. Бундан билинадики, бу инсонлар ҳазил ва жаҳл ҳолатида ҳам араб грамматикасига амал қилиб сўзлаган.
Бир куни Ҳазрат Али разиялоҳу анҳу бир кишининг Тавба сурасини нотўғри эъроб билан ўқиётганини эшитиб қоладилар ва Абу Асвад ад-Дуалийни чақириб қоида ёзишга буюрадилар. Бошқа ривоятда, айтадиларки, Абу Асвад ҳазрат Алининг ҳузурларига киради, Ҳазрат Алининг қўлларида сиёҳ бор эди. Абу Асвад айтадилар: “Я амирал муъминийн! Қўлингиздаги нима? Али разияллоҳу анҳу: “Ўйлаб қолдим, мана бу қизилларни арабларга аралашиши оқибатида араб тили бузиляпти. Мен бу билан бир нарса ўрнатмоқчиманки, араблар уларга мурожаат қилсин ва унга суянсинлар. Сўнг қўлларидаги ҳалиги нарсани Абу Асвад томон ташлайдилар . Унда қуйидагича ёзилган эди:

الكَلَامُ كُلُّهُ إسْمٌ وَ فِعْلٌ وَحَرْفٌ. فَلاسْمُ مَا أنْبَاءَ عَنِ المُسَمَّى. وَالفِعْلُ مَا أنْبِىءَ بِهِ. وَالحَرْفُ مَا أفاَدَ مَعْنَى

Яъни: “Каломнинг барчаси исм, феъл ва ҳарфдан иборатдир. Исм номланган нарсадан хабар беради. Феъл эса у билан хабар берилади. Ҳарф эса маъно англатмайди”. Сўнг айтадилар: “Мана шу 3 нарсадан кейин хаёлингга нима келса, ёзавергин”.
Шундан сўнг араб тили қоидаларига катта эътибор бериладиган бўлди. Биринчи бўлиб бу соҳада Абу Асвад ад-Дуалий араб тилига доир қонун-қоидаларни ишлаб чиқарадилар. Бу соҳада энг муваффақият қозонган шахс бизнинг ватандошимиз Маҳмуд Замахшарий ҳазратлари ҳисобланадилар. Бу олим ўз китобида арабларнинг ўзи ўрганишга муҳтож бўлган қимматли маълумотларни ёзиб қолдиради. Ҳатто араблардан баъзилари айтади: “Агар бу инсон шундай буюк ишни қилмаганда биз ўзимизнинг соф тилимиздан айрилиб қолардик”.
Бироқ араб тилининг грамматик нормалари эса милоднинг XII-IХ асрида ишлаб чиқилди. Қуръони каримнинг нозил бўлиши, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларининг юзага келиши араб адабий тилининг янада ривожланиши, таъсир доирасининг кенгайиши, араб бўлмаган бошқа халқлар томонидан ҳам араб тилини кенг ўрганилишига йўл очиб берди. Айниқса, Бағдод халифалигида ташкил этилган илмий марказ ва унда араб олимлари билан бир сафда кўплаб мусулмон ўлкалардан келган ажам олимларининг тадқиқот ишлари олиб боришгани араб тилининг илм-фан соҳасидаги мавқейини янада юқори кўтарди. Натижада бу тил бутун мусулмон шарқи ҳудудида Эвропадаги лотин тили каби фан тилига айланди. Бундан ташқари, у кўплаб мусулмон шарқ мамлакатларида узоқ вақт давлатлараро муомала тили бўлиб ҳам хизмат қилди.

Яна маълумот

pogudx662lujp78dq

Туғилган кун табрикотлари 2023

Қисқа, узоқ, ихчам, расмли туғилган кун хабари ва енг яхши табрик сўзлари Туғилган кун муҳим …