Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / «Қамал»да қолган 9 оила: уларни «Ўзбекистон темир йўллари» ёки Паст Дарғом ҳокимлиги қутқара оладими?
<

«Қамал»да қолган 9 оила: уларни «Ўзбекистон темир йўллари» ёки Паст Дарғом ҳокимлиги қутқара оладими?

Бу оилалар яшаётган уй темир йўлдан бир неча ўн қадам нарида. Ҳар сафар поезд ўтганда, уйлар титраб кетади, улар нураб боряпти. Одамлар ўзи яшаётган ҳовлида қурилиш-таъмирлаш қила олишмайди. Чунки бунга уларнинг ҳаққи йўқ!

Паст Дарғом тумани «Гулобод» маҳалласида яшовчи фуқаролардан тушган мурожаатга кўра, ўша манзил сари йўл олдик. Аризачилар берган ҳудудни топиб бориш осон бўлмади. Йўллар мутлақо талабга жавоб бермаслиги муҳим эмас. Масала аризачилар яшаётган уйларнинг ноқулай жойлашгани – икки томонлама темирйўл ўтган бўлиб, қамал ҳолатида эканида. Йўлбошчисиз борсангиз, йўқолиб қоласиз…

Айни вақтда бу ерда тўққизта хўжалик яшаб келяпти. Уйлар ўтган асрнинг 50-60-йилларида темир йўл хизматчилари учун қурилган бўлиб, ҳозирги кунда яшаб турганларнинг аксарияти шу тизимда ишлаган. Соҳадан пенсияга чиққан.

«Унутилган» одамлар

Манзура Абдуалиева ҳам 12 йил темир йўл соҳасида ишлаб, соғлиги ёмонлашгач, ишдан бўшаган. Ҳозирги вақтда ўғли, келини ва набиралари билан шу ерда истиқомат қилиб келмоқда.

У оиласи учун бу соҳада ишлаш анъанага айлангани, отаси, бобоси ҳамда турмуш ўртоғи ҳам темир йўл тизимида ишлаганини айтиб берди. Шунингдек, ўғли Р.Нарзиев Бухоро локомотив депо ишчиси бўлиб ишлаган экан. Унга 2011 йил 25 октябрида Бухоро минтақавий темир йўл узелининг ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан хат келган. Унда ёзилишича, Паст Дарғом тумани ҳудудидаги Мароқанд бекатида жойлашган, қурилиши тугалланмаган коттеж уйлардан бирини яшаш учун уй-жой сифатида ажратиш кўзда тутилган. Аммо негадир бу хат ва унинг ижроси «унутилган».

Жамият: «Уй-жойлар бизга тегишли эмас, хусусийлаштириб олаверинг!»

Ражаб Қўчқоров 1972 йилдан 2009 йилгача темир йўл соҳасида ишлаган. 1973 йилдан шу жойда яшашни бошлаган. Демак, отахон қарийб ярим асрни шу уйларда ўтказган.

– Уйда юракни ҳовучлаб ўтирамиз, – дейди отахон. – Набиралар ҳовлида ўйнаса ҳам, уйда бўлса ҳам хавотир оламан. Ёғин-сочинли кунларда гапирмаса ҳам бўлади, томдан чакка ўтиб кетади. Пенсияга чиққунимча ҳам бир неча марта ҳужжат тайёрлашди, қанақадир рўйхатга олишди, аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Қачон бошпанамизнинг ҳужжати бўлади ёки бошқа жойдан бизга уй ажратиларкин, деб кутиб ўтирибмиз.

Савол туғилади: Бугун Ражаб ота қаерга борсин? Яшаётган уйи ҳужжатсиз. Демак, у бу ердан чиқиб кетган тақдирда ҳам товон тўлаб берилиши эртакка ишонишдек гап. Ўзи эса темир йўл соҳасида ишлаб, бугун кучдан қолган.

2019 йил 10 майда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ф.Қўчқоров номига келган хат эътиборимизни тортди. Унда бу уйлар айни пайтда темир йўл балансида эмаслиги ва мурожаатчи истаса, туман ҳокимлиги орқали ўзи хусусийлаштириб олиши мумкинлигини айтган. Рости, бу хат одамга умид беради. Яъни, отахон ярим асрдан буён шу уйда яшаб келяпти ва унга темир йўл даъвогар эмас. Туман масъуллари «ҳиммат» қилса, кифоя.

Аммо туман ҳокимлиги мутахассиси Қурбон Мирзаев ҳалиям бу уйлар темир йўл балансида эканлигини айтмоқда. Шунинг баробарида ушбу фуқароларнинг оғир шароитда қолаётганини инобатга олиб, ҳокимлик бошқа ҳудуд – «Элбек» маҳалла фуқаролар йиғинидан уй қуриб олишлари учун ер таклиф қилганини айтмоқда.

– Паст Дарғом фуқаролари учун туманимиздаги Элбек маҳалласидан юз гектар ер ажратилган, – деди ҳокимлик вакили Қ.Мирзаев. – Ҳудудга қуёш батареялари ўрнатиляпти. Яқин йилларда барча қулайликларга эга посёлкага айланади. Айнан сизларга мурожаат қилган фуқароларимизга ўша маҳаллада 4 сотихдан ер ажратиб бериш таклиф қилинган. Аммо мурожаатчилар «Ўзимиз туғилган маҳалламиздан ер ажратиб берилсин ёки яшаб турган уйимизнинг ҳужжатини қилиб берингизлар», деб туриб олишди. Уй қуриб чиқишни исташмаяпти.

Очиғи, бугун бир қарич ернинг нархи «осмонлаб» бораётган бир пайтда, ҳокимлик томонидан ҳеч қандай аукцион ёки тўловсиз ушбу муҳтожларга ер таклиф қилинаётгани катта гап. Бироқ бугун тайинли иш жойи бўлмаган ёки имконияти чекланган бу инсонларнинг ҳаммаси ҳам бўш ердан уй қуриб ололармикан?

Фуқароларнинг маҳалладан чиққиси йўқ

Яна бир гап. Қамалда тўққиз хўжалик яшаяпти, дедик. Уларнинг иккитаси ўзбошимчалик билан қуриб олинган уй. Аммо уларнинг бу ерда яшай бошлаганига ҳам 10 йилдан ошган. Коммунал тўловларни амалга ошириб келган.

Хусусан, Ҳадича Бурхонова мажбурликдан икки хонали уй қуриб, 12 йилдан бери яшаб келмоқда. Уч нафар вояга етмаган фарзанди бор. Очиғи, улар истиқомат қилаётган уйни шунчаки, антисанитар ва абгор ҳолатда, дейишнинг ўзи етарли эмас. Гилам ташлаб қўйилган зах ерда ёш болалар оғир хасталикни орттириб олмаганининг ўзи катта мўъжиза!

Ҳадича Бурхонова ишсиз. Ҳозирги вақтда Россияда бўлиб турган турмуш ўртоғининг ҳам тайинли иши йўқ эканини айтади. Ойма-ой зарур маблағ етказиб беролмаётган экан. «Элбек» маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳокимлик таклиф қилаётган ерда уй қуриб олишга бу оиланинг қурби етмайди.

Маҳбуба Нуруллаеванинг турмуш ўртоғи ҳам темир йўл соҳасида ишлаган. Улар қарийб 40 йилдан бери шу жойда истиқомат қилиб келишмоқда. Ўғли хорижда ишлаётган экан. «Умримиз шу маҳаллада ўтди, яшаб турган уйимизни кадастр қилиб беришсин, бошқа нарса керак эмас. Ўзимиз шу жойдан қўшимча уй қуриб оламиз. Агар шу муаммо ҳал бўлса, ўғлим ҳам болаларининг бошига келиб, эгалик қиларди» дейди у.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Вазият учта муҳим саволни юзага келтирмоқда.

1. Темир йўл тизимида ишлаб, шу соҳадан нафақага чиққан бу инсонларга ташкилот ваъда қилган уй (коттеж) нега берилмаган? Умуман, уларни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилганми ўзи?

2. Борингки, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти уйлар бизнинг балансимизда эмас, деб турган экан, ҳокимлик яна нимани кутяпти?

3. Уйлар темир йўл балансида бўлмай, ҳокимлик эгалик ҳуқуқини чиқариб бера олган тақдирда ҳам бу ҳудудда яшаш фуқаролар ҳаёти, соғлиғига хавф солмайдими?

Шуниси аниқки, қамалдаги оилалар тезроқ бу оғир шароитдан чиқариб олиниши керак.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва Паст Дарғом туман ҳокимлигидан амалий натижа кутиб қоламиз.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

oiii7gbegp2box8ooiwcgy4xgbh4uapm

Самарқанд вилоятида вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноят фош қилинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноят фош қилинди Иллюстратив фото …