Главные новости
Главная / Жамият / Ҳалокатли коронавирус: юқтирмасликнинг иложи борми, «испанка» такрорланадими, вакцина қандай ишлайди? Саволлар ва жавоблар
<

Ҳалокатли коронавирус: юқтирмасликнинг иложи борми, «испанка» такрорланадими, вакцина қандай ишлайди? Саволлар ва жавоблар

29 январь ҳолатига кўра, Хитойда янги коронавирусдан вафот этганлар сони 170 нафарга етди. Юқтиришлар сони 8 мингга яқинлашмоқда. Вирус XXI асрда 1918 йилги «испанка» каби миллионлаб одамларни ўлдириши мумкинми? Унинг аввалгисидан қандай фарқи бор? Кимлар хавф остида ва одам ўзини қандай ҳимоялаши керак?

Би-би-си рус хизмати мухбири Алина Исаченконинг саволларига Лондон Империал коллежи тиббиёт факультети профессори Робин Шатток жавоб берди.

Би-би-си: Бу вирус 2003 йилда 813 кишининг ўлимига олиб келган ўткир респиратор синдромли коронавирус, ёки SARS’дан қандай фарқ қилади?

Робин Шатток: SARS вируси билан боғлиқ ҳолатда аввалига одамларда касаллик аломатлари кузатилган, сўнг улар юқумли бўлишган. Ҳозирги коронавирус билан, бу қўшимча тадқиқотларни талаб қилса ҳам, зарарланганда бир неча кун давомида ҳеч қандай аломатлар кузатилмайди. Бироқ, улар аллақачон бошқаларга юқтиришни бошлаган бўлишади.

Агар бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, унда вируснинг тарқалишини назорат қилиш анча қийин бўлади, чунки ҳеч қандай аломатларга эга бўлмаган юқтирувчи кишиларда инфекцияни, масалан ҳароратни ўлчаш орқали аниқлаш жуда қийин. Улар жуда соғлом кўринади, шифокорга мурожаат қилиш учун ўзларида зарурат ҳис қилишмайди, бошқалар билан эркин мулоқот қилишади, лекин шу билан бирга улар инфекциянинг тез тарқалишига ҳисса қўшиши мумкин.

Би-би-си: Кимлар хавф остида?

Хитойдан бошқа давлатларда ҳам эпидемия хавфи юзага келган

Р.Ш.: Кексалар, шунингдек нафас олиш тизими касалликларидан азият чекувчилар касалликнинг оғир формасига чалиниш хавфи остида. Соғлом одамлар учун бу вирус катта муаммолар туғдирмайди.

Би-би-си: Бу дегани, агар 30 ёшли ва соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи одам вирусни юқтирса ҳам ўлмайди, шундайми?

Р.Ш.: Биз ҳеч нарсага кафолат беролмаймиз, албатта. Аммо ёшларнинг аксариятида гриппнинг оғир формасидан унчалик катта фарқ қилмайдиган ўртача шаклдаги аломатлар кузатилаётганга ўхшайди.

Би-би-си: Касаллик тарқалаётган ҳудуддаги инсонлар ўзини ушбу вирусдан қандай ҳимоя қилиш керак?

Р.Ш.: Вирусдан ҳимоя қилишнинг энг яхши усули — одатий гигиена воситалари. Сизга қараб аксирмасликлари ёки йўталмасликларини таъминлашга ҳаракат қилинг. Агар ўзингиз бетоб бўлсангиз, ишлатилган бир марталик рўмолчаларни эҳтиёткорлик билан йўқ қилинг. Қўлингизни тез-тез ювиб туринг — чунки вирус нафақат ҳаво томчилари орқали юқади, балки кимдир аксирганда ёки йўталганда вирус тарқатган жойларга ёки одамнинг ўзига тегиб кетишингиз мумкин. Шундай қилиб, такрор айтаман, қўлингизни мунтазам ювиб туриш орқали инфекциядан маълум даражада ҳимояланасиз.

Би-би-си: Тиббий ниқоблар ёрдам берадими?

Р.Ш.: Ниқоб баъзи ҳимоя хусусиятларига эга, аммо у алоҳида ёрдам бермайди, чунки маиший-тиббий ниқоблар вирусни тўхтатиб қололмайди. Бундан ташқари, қўлдаги вируслар одамлар юзларига текканда, ниқобни кийганда ёки ечганда назоратсиз қолади, шунинг учун ниқобларнинг самарадорлиги ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ.

Би-би-си: Давлатлар вирус тарқалишининг олдини олиш учун нима қилиши мумкин?

Кўп давлатларда тиббий ниқобга ажиотаж кузатилмоқда,
аммо шифокорлар бу восита етарли даражада ҳимояламаслигини айтмоқда

Р.Ш.: Одамларнинг глобал ҳаракати ҳисобга олинса, битта давлат учун ўзини вируслардан ҳимоя қилиш жуда қийин. Агар эпидемия бошланса, дунёнинг турли бурчакларида янги зарарланиш ҳолатлари қайд этилади.

Хитойнинг бутун бир шаҳарларни карантинга олиши ва ҳаракатни чеклаши вирус тарқалиши тезлигини ушлаб туриши керак. Агар ушбу чоралар самара берса, бу унинг тарқалишини секинлаштиради, аммо барибир глобал эпидемиянинг гувоҳи бўламиз.

Маълумки, вируснинг асл ташувчиси кўршапалаклар бўлиб, кемирувчилар ёки бошқа баъзи турдаги ҳайвонлар оралиқ турдаги ташувчи вазифасини бажарган бўлиши мумкин. Ухандаги ҳайвон бозори вирус ҳайвонлардан одамга юққан ҳудудга айланди.

Фикримча, келажакда ҳайвондан одамга юқувчи вирусларнинг олдини олиш жуда қийин бўлади, чунки бу нарса даврий кузатилиб туради, сайёрамизда ҳайвонот олами яқинида яшовчи одамлар сони кўпайиб борар экан, аҳоли зичлиги ҳам бу эҳтимолни оширади.

Би-би-си: ХХ асрнинг энг хавфли қирғинбарот вирусларидан бири испан гриппи деб аталади. Ўша вақтларда эпидемия ўн миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. XXI асрда ҳам шу каби ажал вируслари пайдо бўлиши мумкинми?

Р.Ш.: Короновируснинг янги турини бугунги босқичда «испанка» каби ҳалокатли бўла олади деб ўйламаймиз, чунки у сабабли асосан жуда кўп ёшлар ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда бу ҳолат кузатилмаяпти.

Умумий олиб қараганда, «испанка»га ўхшаш ҳолат такрорланиши мумкинми? Ҳа, глобал ҳамжамият сифатида биз ҳар доим пандемия хавфи остида яшаймиз. Шу сабабли, воқеаларнинг бу каби ривожига тайёргарлик кўриб бориш жуда муҳимдир.

Аммо бугунги кунда соғлиқни сақлаш тизими анча ривожланган, тоза кислород ва антибиотиклардан фойдаланиш имконияти мавжуд, воқеалар ривожига энг яхши даражада ҳозирлик кўрдик. Эртами-кечми инфлюэнцанинг (нафас йўлларининг оғир яллиғланиши) янги пандемияси юзага келишига шубҳа йўқ.

Энг яхши ҳимоя – қўлларни ҳамиша ювиш / GETTY IMAGES

Би-би-си: Интернетда ушбу вирус сунъий равишда яратилган бўлиши эҳтимоли муҳокама қилинмоқда. Бунинг иложи борми?

Р.Ш.: Йўқ, асло! Чунки бошланғич вирусни кўршапалаклардан топа олдик. Яъни, у аввалдан мавжуд бўлган ва кейин одамга ўтган. Бу ҳақда «детектив жумбоқ ўз ечимини топди» дейиш мумкин. Ушбу вирус лабораторияда сунъий равишда яратилмаган, биз шунчаки турлараро ўтиш иши билан шуғулланмоқдамиз.

Би-би-си: Вирусга қарши вакцина қандай ишлайди?

Р.Ш.: Вирусни тасаввур қиладиган бўлсак, у вирус заррасида — вирионда генетик маълумотларни ташийди. Вирус юзасида оқсил тутқичлар жойлашган бўлиб, улар ёрдамида вирус тананинг ҳужайраларига ёпишади ва инфекцияни келтириб чиқаради.

Вакцинани ишлаб чиқишда биз ушбу РНК занжирини оламиз ва унинг қайси қисми оқсил-чангакни кодлаш учун жавобгарлигини аниқлаймиз. Кейин занжирнинг ушбу алоҳида қисми олинади ва вакцинация қилинади, бунда вирус фақатгина ушбу калит оқсил билан ифодаланади. Инсон антителалар ишлаб чиқарувчи иммун механизми вируснинг айни шу қисмига таъсир билдириши керак.

Шундай қилиб, агар антителаси бор одамга вирус юқса, у тўсиб қўйилади ва мақсадли ҳужайраларга киришига йўл қўйилмайди. Яъни, одамга юқмайди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

w0yk1xz7rukpzrclqt2eobjdqcyp_kh6

Стипендия ислоҳоти: 5та асосий ўзгариш

1 февралдан талабалар стипендияси бўйича янги тартиб ўрнатилди. Kun.uz мухбири ҳукуматнинг 13 саҳифалик қарорида белгиланган …