Главные новости
Главная / Жамият / «Ҳали инсон ракеталаримизда Марсга парвоз қилади» — SpaceX’нинг бош мақсади
<

«Ҳали инсон ракеталаримизда Марсга парвоз қилади» — SpaceX’нинг бош мақсади

«Тесла» электрокарлари, «PayPal» компанияси асосчиларидан бири ва ўзининг космик ракеталари билан тилларга тушган Илон Маск яна бир тарихий воқеага сабабчи бўлди — унинг SpaceX компанияси ракетаси илк бор астронавтларни ўз бортига олиб, Халқаро космик станция томон учди.

Фото: Reuters

Бу — тарихда илк марта хусусий компания томонидан астронавтларнинг коинотга учирилиши ҳамдир.

Илон Маск ким?

Келгуси йил 50 ёшини қаршилайдиган Илон Маск шунча нарсага қаердан пул топган? Умуман, у бундай муваффақиятларга эришиш учун қандай йўлларни босиб ўтган.

Фото: Ding Ting / AP

У 1996 йили акаси билан биргаликда янгиликлар компанияларини дастурий таъминот билан таъминлашга ихтисослашган Zip2 компаниясини ташкил этади. 1999 йилда у Zip2’ни Compaq компаниясига 307 млн долларга сотади. Илон Маскка бу пулнинг 7 фоизи (22 млн) тегади.

1999 йилнинг мартида Маск электрон пул ўтказмалари билан шуғулланувчи X.com компаниясига асос солади. 2000 йилда бу компанияси Confinity компанияси билан бирлашади. Бу компания бўлимларидан бири PayPal деб аталарди ва кейинчалик шу бренд остида фаолият кўрсата бошлаган. 2002 йилда PayPal 1,5 млрд доллар эвазига eBay томонидан сотиб олинади. PayPal’нинг 11,7 фоиз акцияси Маскники эди, у бундан 180 млн доллар ишлаб олади.

Ниҳоят, 2002 йилнинг май ойида Илон Маск ўзининг учинчи компанияси — SpaceX га асос солади. Компания хусусий ракета ташувчилар сериясининг ишланмалари муаллифи ва космик тизимларнинг тижорий оператори эди.

Фото: Thom Baur / Reuters

2005 йилда компания ходимлари 150 кишидан иборат бўлган бўлса, 2018 йилга келиб, уларнинг сони 6000 нафардан ошди. Компания нафақат космик парвозларни арзонлаштиришни, инсонни Марсга парвоз қилишини бош мақсад қилиб белгиланган.

Маскнинг ракеталари

Илон Маск аввал бошданоқ коинотга ракеталарни учиришни имкон қадар арзонлаштиришни мақсад қилади. Маскнинг космик парвозлар соҳасидаги янгилиги ва энг катта ютуғи — ракета ташувчилар томонидан фойдали юк Ер атрофи орбитасига олиб чиқилгач, унинг биринчи босқичи Ерга қайта қўндирилиб, ундан кейинги парвозда яна фойдаланиш имкони борлигида эди. SpaceX парвозларининг кескин арзонлашувига эришди.

2006 йилнинг 24 март куни Falcon 1 ракета ташувчисининг илк парвози муваффақиятсиз якунланади. Шунга қарамасдан, компания ўша йили август ойида NASAнинг Халқаро космик станцияга юклар, кейинчалик экипажларни етказиш бўйича Commercial Orbital Transportation Services (COTS) — Орбитал транспортировканинг тижорий хизматлари дастури учун ўтказилган танловда ғолиб чиқади ва 396 миллион доллар миқдоридаги молиялаштиришга эга бўлади.

2008 йилнинг 28 сентябрида Falcon 1 ракета ташувчисининг илк муваффақиятли парвози амалга оширилади ва орбитага фойдали юк олиб чиқилади.

Фото: Wikipedia

Бунинг оқибатида ўша йили 28 декабрга келиб SpaceX ва NASA ўртасида Commercial Resupply Services (CRS) — Тижорий таъминот хизмати дастури доирасида Халқаро космик станцияга юк элтиб бериш бўйича 1,6 миллиард долларлик шартнома имзоланади. Аввалига келишилган 12 та миссияга кейинчалик яна 3 таси қўшилади, кейин яна бошқалари. 2012 йилдан буён бу борада SpaceX жами 20 та миссияни амалга оширади, улардан фақат биттаси муваффақиятсиз (28.06.2015) чиқади.

2010 йилнинг 4 июнида Falcon 9 ракета ташувчисининг дебют парвози амалга оширилади, Dragon ракетасининг макети орбитага олиб чиқилади. 8 декабрга келиб Dragon космик кемаси орбитага парвоз қилади. 2012 йил 25 майда Dragon кемаси илк марта Халқаро космик станциясининг модулига уланади.

Фото: Reuters

Инсонни коинотга учириш

2011 йилдан бошлаб SpaceX NASA’нинг Commercial Crew Program пилотли парвозлари дастурида иштирокини бошлайди. Бу дастур доирасида SpaceX пилот томонидан бошқариладиган кема яратиш учун 2011 йилда 75 млн доллар, 2012 йилда 440 млн долларлик шартномалар имзолайди.

2014 йилнинг 16 сентябрида NASA Commercial Crew Program дастурига кўра ХКСга астронавтларни элтиш учун Crew Dragon пилотли кемалардан фойдаланиш бўйича SpaceX билан имзоланган шартномани анонс қилади. Шартнома суммаси 2,6 млрд долларга тенг эди.

2018 йилнинг 6 февралида SpaceX Falcon Heavy ўта оғир ракета ташувчисининг парвозини амалга оширади. У коинотга 63 тонна юк олиб чиқиши мумкин эди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, ушбу парвозларда SpaceX ракеталарининг арзонлиги муҳим рол ўйнаган. Масалан, Falcon Heavy’нинг битта парвози 90 млн долларга тенг бўлган. Унгача фойдаланилган Delta IV Heavy эса қарийб 5 баробар қиммат — 435 млн доллар. Falcon 9 ракеталарининг парвози эса атиги 60 млн долларга тушган.

Ниҳоят, 2020 йил 30 май тарихий санага айланди. SpaceXнинг Халқаро космик станциягача 4 кишини элтиб қайтара олиши мумкин бўлган, қисман кўп марта фойдаланса бўладиган Crew Dragon (Dragon 2) космик кемаси икки астронавт — Роберт Бенкен ва Дуглас Ҳёрлини бағрига олиб муваффақиятли парвоз қилди.

Парвоз аслида Тошкент вақти билан 28 майга белгиланган эди. Бироқ об-ҳаво ноқулайлиги сабабли парвозга 15 дақиқа қолганда у бекор қилинади ва илк парвоз 2 кунга сурилади.

Кеманинг яратилиши ва режалар

Бунгача, 2012 йилдан буён Dragon 1 космик кемаси ХКСдан ерга юкни олиб қайтувчи жаҳондаги ягона кема бўлиб турган эди. 2010 йилдан буён кема 22 марта парвоз қилган. Станцияга 43 тонна юк элтилган ва у ердан 33 тоннага яқин юк қайтариб олиб келинган.

Crew Dragon’нинг биринчи намойиш парвози 2019 йил 2 мартда муваффақиятли амалга оширилган эди. Бортида Ripley исмли манекен ва 180 кг юк бўлган космик кема бир суткалик парвоздан сўнг ХКСга илк марта уланган.

Crew Dragon — кўп марта фойдаланиладиган Dragon 1 аппаратининг такомиллаштирилган ва пилот ёрдамида бошқариладиган версияси бўлиб, экипажни ХКСга элтиш ва Ерга қайтариб олиб келиш вазифасини бажаради.

Фото: Chris O’Meara / AP

2015 йил сентябрида тақдимот қилинган дастлабки версияда астронавтлар учун 5 та ўрин бўлган, кейинчалик кема етти ўринли қилиб лойиҳаланган. Сўнгра сувга қўниш чоғида экипаж томонидан сезиладиган зўриқишни камайтириш мақсадида ўриндиқларни жойлаштириш бурчагига ўзгартириш киритилган ва капсуланинг максимал сиғими 4 кишигача қисқарган. Dragon юк кемасидан фарқли ўлароқ Crew Dragon ХКСга ўзи мустақил, станция манипуляторисиз улана олади.

Келгусида Crew Dragon’да туристик парвозларни ҳам амалга ошириш режалаштирилган. Ҳали SpaceXнинг Daragon 2 космик кемасидан Ой атрофини туристик саёҳат айланиб учишда фойдаланиш режалари ҳам бор.

Батут ўрнига 4 баробар арзон ракета

2011 йилда АҚШнинг Space Shuttle дастури ниҳоялангач, Россия Халқаро космик станцияга экипаж элта олиш имкониятига эга ягона давлатлигича қолаётган эди. «Роскосмос» раҳбари эса бундан ғурурланиб, «америкаликлар астронавтларни коинотга фақат батутдан фойдаланиб олиб чиқа олиши мумкин», деб юқори минбардан туриб айтган эди ҳаттоки.

Бу заҳарханда бежизга айтилмаган. NASA бош инспектори Пола Мартиннинг ҳисоботига кўра, 2019 йилнинг июлига қадар NASA «Союз» космик кемаларида 70та ўринни — АҚШ ва ҳамкор астронавтларни Халқаро космик станциясига элтиш ва қайтариб Ерга қўндириш учун қарийб 4 млрд долларга сотиб олган. «Союз» билан бир кишининг парвози 82 млн долларга тушаётган эди.

Рогозиннинг заҳархандасидан уч йил ўтиб, қўшҳокимлик ўрнатилди. Боз устига, шунча суммага Crew Dragon’да 4 нафар астронавт парвоз қилиши мумкин. Бу эса парвозларни русларникидан қарийб 4 баробар арзонлашувига олиб келади.

Илон Маскнинг барча режаларига скептик нуқтайи назардан қараб келган «Роскосмос» давлат корпорацияси раҳбари Дмитрий Рогозин 10 апрель куни парвоз хизматлари нархини 30 фоизга тушириб, шу йўл билан Америка компаниялари томонидан тақдим этилаётган демпингга ўзига хос жавоб қайтармоқчи эканлигини таъкидлаган. Рогозинга кўра, SpaceX парвозларининг бозор нархи 60 млн доллар, бироқ NASA шундай хизматлар учун «бир ярим баробардан тўрт баробаргача кўпроқ» тўлаётганини айтган.

«Роскомос» раҳбари Дмитрий Рогозин. Фото: Flick

Шундан сўнг Илон Маск Twitter’да Россия ракеталарининг бош муаммоси ундан қайта фойдаланиб бўлмаслигида, деб ёзган. «SpaceX ракеталарининг 80 фоизини яна қайта ишлатса бўлади, уларникини эса — 0 фоизини. Бу долзарб муаммо», — деб ёзган ишбилармон.

Бунга жавобан Дмитрий Рогозин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида «Роскосмос» Вашингтондан бериладиган кўрсатмаларга зор эмас, деб ёзган. «Бизнинг ракета-космик соҳамизнинг муаммоли масалаларини ечиш бўйича барча кўрсатмалар Россия президенти билан ўтган йиғилишда олиб бўлинган», — деб ёзган давлат корпорацияси раҳбари.

Хўш, кимдан ўрнак олсак арзийди?

АҚШда хусусий компания космосга ичида астронавтлари бўлган ракетани  муваффақиятли учирган тарихий парвозни оддий фуқаролари пулига дрон сотиб олиб, учира олмаётган мамлакатдан туриб кузатдик. Фарқни сезяпсизми?

Ҳали бу кетишда SpaceX ракеталарининг Марс сайёраси томон парвозини Илон Маскнинг текин интернетидан фойдаланиб кузатсак ажаб эмас. У яқингинада яна 60 та сунъий йўлдошни коинотга учирган эди.

Хўш, фан ва таълимда, хусусан космик соҳада иқтидорларга шароит яратиб бериб, юксак натижаларга эришаётган АҚШга таассуб қилишимиз керакми ёки Россияга? Хулоса ўзингиздан.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

vah8ngylehmsomdz8cly3bldwzpqw6xs

Махсус комиссия карантинни қайтаришга сабаб бўлган 6 муаммони маълум қилди

Чекловлар қайтадан кучайтирилишига бир қатор муаммолар сабаб бўлгани келтириб ўтилди. Республика махсус комиссиясининг билдиришича, булар қуйидагилар: …