Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Афғонистонлик инвестор Тошкентда катта пулга алданиб қолди. У тергов иши чўзилаётганидан шубҳаланмоқда
<

Афғонистонлик инвестор Тошкентда катта пулга алданиб қолди. У тергов иши чўзилаётганидан шубҳаланмоқда

Германияда яшовчи, асли афғонистонлик Исмоил Сафо Ўзбекистонда фирибгарлик қурбони бўлган – ундан алдов йўли билан 80 минг долларини ўзлаштирганлар устидан жиноят иши қўзғатилганига бир йилдан ошган, бу орада беш марта терговчи алмашган, жиноят ишига алоқадор бошқа шахслар нима учундир терговга жалб қилинмаган.

Kun.uz’га мурожаат қилган Исмоил Сафо тадбиркорлик қилиш ниятида 2018 йилда Ўзбекистонга келгани, бу ерда туризм соҳаси ривожланаётганини кўриб, жияни Барекзай Аймал билан бирга дастлаб тайёр меҳмонхонани ижарага олган ҳолда туризм хизматларини кўрсатишни, кейинчалик эса ўзлари меҳмонхона қуришни режалаштиришганини айтади.

Исмоил Сафо жияни Барекзай Аймал билан

«Жияним билан ўйлаб-ўйлаб туризм соҳасида фаолият юритишга қарор қилдик. Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан сайёҳларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларни бу мамлакатнинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳлари, тарихий масканларига турлар ташкиллаштиришни режалаштирдик. Табиийки, меҳмонларни жойлаштиришимиз, уларга туризм хизматлари кўрсатишимиз учун бир мусофирхонага эҳтиёж туғилди ва бошланишига шундай жойни ижарага олиб ишлаб турмоқчи бўлдик.

2019 йилнинг июнь ойи охирларида ижарага олиш учун меҳмонхона қидириб юрганимда Яккасарой туманида жойлашган «DE REON» меҳмонхонасини кўриб қолдим. Телефон орқали меҳмонхона бошқарувчиси Фахриддин Хушвақтов билан гаплашиб, отелни ижарага олмоқчи эканимни айтганимдан сўнг, эртасига меҳмонхона офисида учрашув белгиланди.

Ушбу учрашувда Фахриддин ўзини меҳмонхона соҳиби сифатида, ёнидаги шахсни – Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ишловчи Акмал Атохоновни эса меҳмонхона бизнесидаги шериги сифатида таништирди», дейди у.

Бугунги кунда меҳмонхонанинг номи ўзгарган

Ушбу учрашувда қатнашган «Sheron konsalting» кўчмас мулк агентлиги раҳбари Шерзод Сулаймонов ҳам Фахриддин Хушвақтов ўзини «DE REON»ни ижарага бериш ҳуқуқи бор инсондай қилиб кўрсатганини тасдиқлади.

Шерзод Сулаймонов

«Исмоил Сафо фирмамизга мижоз сифатида келган. У киши меҳмонхона бизнесида фаолият юритиш истагида эди. Биз ҳам пул тикиш мумкин бўлган айрим йўналишларни таклиф қилганмиз, аммо афғонистонликларга бу йўналишлар тўғри келмаган. Кейин Фахриддин билан танишиб қолишган.

Исмоил Сафо «DE REON» меҳмонхонасини ижарага олиш ниятида эканини айтиб, фикримни билиш учун мени отелга олиб бориб кўрсатдилар. Кўрдик, яхши жой экан. Кейин меҳмонхона эгалари билан бўлган учрашувда ҳам қатнашдим. Хушвақтов ўзини «DE REON»нинг эгаси, уни ижарага бериш ҳуқуқи бор инсондай қилиб кўрсатди. Ваҳоланки, уям ўша ерда ижарачи экан. Мулкнинг асл эгаси бошқа одам бўлган», дейди Шерзод Сулаймонов.

Меҳмонхона офисидаги учрашув жараёни

Меҳмонхона «DE REON» масъулияти чекланган жамиятига ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлиб, Фахриддин Хушвақтов бу фирманинг расмий таъсисчиси бўлган. Исмоил Сафо ва бошқалар билан учрашув чоғида у шериги билан бирга меҳмонхонани 5 йилга ижарага олганини, шундан 2 йилини олдиндан тўлов шарти билан ижарага беришлари мумкинлигини таъкидлайди. Меҳмонхонанинг асл эгаси Зебо Собирова ҳам мулки бир ижарачидан бошқасига ўтаётганига эътирози йўқлигини билдиради.

Шунингдек, у «DE REON» фирмасини ҳам инвесторлар номига ўтказиб беришини, чунки меҳмонхона айнан ушбу фирмага 5 йилга ижарага берилганини, фирманинг лицензияси ҳам борлигини айтади. Бу билан ўзини гўёки инвесторларни янги фирма очиш, лицензия олиш машаққатларидан қутқарган киши қилиб кўрсатади.

Исмоил Сафо

«Аслида биз меҳмонхонани ижарага олдик. Лекин Фахриддин ўзининг фирмаси, сертификатлариям борлиги, бошқа фирма очиш, янгидан сертификат, гувоҳнома олиш учун югуришимизга ҳожат йўқлиги, икки йилдан сўнг меҳмонхонани фирма билан бирга қайтариб бераверишим мумкинлигини айтди.

Даставвал меҳмонхонанинг бир ойлик ижараси учун олти минг доллар сўрашди. Савдолашганимиздан сўнг Фахриддин ва унинг шериги Акмал Атохонов отелни ойига уч ярим минг доллардан ижарага беришлари мумкинлигини, фақат икки йиллик тўлов – 84 минг долларни олдиндан тўлашимиз кераклигини айтишди», дейди Исмоил Сафо.

Шундан сўнг томонлар Шерзод Сулаймоновнинг офисида икки марта учрашишади ва ҳар учрашувда афғонистонликлар 20 минг доллардан, жами 40 минг долларни тилхат асосида Фахриддинга санаб беришади. Яна 40 минг долларни эса Фахриддин Яккасарой туманидаги 1-сонли давлат нотариал идорасида нотариус Шуҳрат Исроилов ва бошқалар гувоҳлигида қабул қилиб олади.

Бироқ 2019 йилнинг 12 июлида нотариус нима учундир ижара шартномаси эмас, балки Афғонистон фуқароси Барекзай Аймал ҳамда Ўзбекистон фуқароси Фахриддин Хушвақтов ўртасида қарз шартномаси расмийлаштиради. Исмоил Сафо ушбу жараёнда шартноманинг моҳияти ва юридик оқибатлари ўзи ва жиянига етарлича тушунтирилмагани, рус тилида тузилган шартномада нима ёзилганини билмаслигини, нотариал ҳаракатлар давомида жалб қилинган таржимон шартнома мазмунини уларга етарлича таржима қилиб бера олмаганидан шикоят қилмоқда.

«Мен ва жияним на рус тили, на ўзбек тилини яхши биламиз. Кейин таржимон олиб келишди. Бироқ у ғалати таржима қилди. Шерзод Сулаймоновдан («Sheron konsalting» кўчмас мулк агентлиги раҳбари) шартнома билан танишиб чиқишини сўрадик. У шартнома яхши тузилганини айтгач, ҳужжатни имзоладик.

Нотариус ҳеч қандай сабабсиз Фахриддин билан олди-бердимизни қарз шартномаси сифатида расмийлаштирган. Нотариус мендан 80 минг долларни нима учун бераётганимни, Фахриддин билан қариндошлик ришталарим бор-йўқлигини сўрагани йўқ. Мен Афғонистон фуқароси бўлсам, у Ўзбекистон фуқароси бўлса, бизни ҳеч қандай ришта боғлаб турмаган бўлса, 2 йилга 80 минг долларни ҳеч қандай фойдасиз беришим мумкинми?

Агар ҳозир банкдан ўн минг доллар миқдорида кредит олмоқчи бўлсангиз, бир дунё ҳужжат сўрайди. Шунда ҳам ниманидир гаров сифатида расмийлаштириб, шундан кейингина кредит беради ва буни фойда олиш учун ажратади. Бироқ нотариус 80 минг долларни қарз шартномаси сифатида расмийлаштираётганида мендан олди-бердимизнинг деталларини тўлиқ сўрамади», дейди афғонистонлик инвестор.

2019 йилнинг 16 июль куни Исмоил Сафо икки йиллик ижара ҳақини олдиндан тўлаб қўйганини меҳмонхонанинг асл эгаси Зебо Собировага айтганда у бундан хабари йўқ эканини, аксинча, Фахриддин ўрталарида тузилган 5 йиллик ижара шартномасини 4 июль куни бекор қилганини айтган.

Шундан сўнг Исмоил Сафо ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида шу куннинг ўзида Фахриддиндан гувоҳлар иштирокида 2 йиллик ижара ҳақини олдиндан олгани ҳақида тилхат ёзиб беришни талаб қилган, лекин Хушвақтов ҳар хил баҳоналар билан тилхатни ёзиб бермасдан қочиб кетган.

«Фахриддин мени ва меҳмонхона эгасини алдаб кетганини, 80 минг долларимни олиб қочганини билиб қолганимдан сўнг унга тинмай қўнғироқ қилдим. Ниҳоят қўнғироғимга жавоб бергач, меҳмонхонага чақирдим. Бироқ у гувоҳлар иштирокида мендан икки йиллик тўловни олдиндан олгани ва икки йил давомида мен отелдан ҳеч қандай муаммосиз фойдаланишим мумкинлиги ҳақидаги талабимдан сўнг тезда қайтиб келишини айтди ва шу билан қайтиб келмади», дейди Исмоил Сафо.

Мураккаб аҳволда қолган инвестор меҳмонхонанинг асл эгасидан ёрдам сўрайди. Зебо Собирова Фахриддин Хушвақтов ва Акмал Атохонов билан кўришиб, улардан нима учун афғонистонлик инвесторлар иштирокида унга тегишли меҳмонхона билан боғлиқ муаммо келиб чиқаётганини сўрайди. Шунда Яккасарой тумани ИИБ ходими ортиқча хавотирга ўрин йўқлиги, тез кунда афғонистонликлар депорт қилинишини билдиради.

Зебо Собирова Kun.uz билан микрофонсиз кечган суҳбатда юқоридаги воқеани терговда берган кўрсатмаларида ҳам келтириб ўтганини тасдиқлади.

Зебо Собирова бу ҳақда Исмоил Сафони огоҳлантиргач, у ва жияни Барекзай Аймал ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, фирибгарлардан пулларини қайтаришда ёрдам беришни сўрайди.

«Акмал Зебо опага биз тез орада депорт қилинишимиз ҳақида айтганда у бунинг сабабини сўрайди. Шунда Акмал сабабини ўзлари билишади деб жавоб беради.

Кейин билдикки, бу иш олдиндан пухта ўйлаб қилинган экан. Яккасаройдаги 1-нотариал идорада қарз шартномаси расмийлаштирилгандан сўнг Фахриддин эртасига отелга келиб, жиянимга қандайдир қоғозларга қўл қўйдирмоқчи бўлди. Бу нималигини сўраганимизда меҳмонхонани бизга икки йилга ижарага бераётгани ҳақидаги оддий ҳужжатлиги, шунчаки расмиятчилик учун имзолаб қўймасак бўлмаслигини айтди. Бизнесда кўп нарса ишонч асосига қурилади. Бусиз иложи йўқ. Биз ҳам ноилож унга ишониб ҳужжатга қўл қўйиб бердик.

Аслида биз келишувга кўра бизнес учун 4 қаватли меҳмонхонадаги умумий ҳажми 1040 квадрат метр жойни ижарага олгандик. Бироқ Фахриддин тил билмаслигимиздан фойдаланиб, меҳмонхонанинг фақат биринчи қаватини, яъни 260 квадрат метр жойни шахсий фойдаланиш учун расмийлаштирган экан. Бундай вазиятда биз меҳмон олиб келиб, уларга туризм хизматларини кўрсатганимизда Ўзбекистон қонунларини бузган, яъни шахсий фойдаланиш учун берилган майдондан даромад олиш мақсадида фойдаланган бўлиб чиқардик. Бу эса бизнинг мамлакатдан депортация бўлишимизга олиб келарди. Мана шунга асосланиб Акмал Зебо опага биздан тез орада қутулишларини айтган. Мана шу сўзлари ҳам Акмалнинг ушбу ишда Фахриддин билан тенг шерик эканини тасдиқлайди», дейди Исмоил Сафо.

Афғонистонликлар 2019 йилнинг 18 июль куни ички ишлар органига ариза топширишади. Бироқ терговга қадар текширув муддати қонун ҳужжатларида узоғи билан бир ой этиб белгиланган бўлса-да, Яккасарой тумани ички ишлар бўлими терговчилари номаълум сабабларга кўра ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатмайди. Инвестор президент қабулхонасига бу ҳақда шикоят юборгач, ИИВ томонидан ўтказилган қўшимча текширувлардан сўнггина тўпланган далиллар асосида 29 октябрь куни ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилади.

Шу ўринда савол туғилади: жиноят иши нима учун ўз вақтида қўзғатилмаган? Жиноят иши қасддан қўзғатилмаган бўлса ва бу орқали мансаб ваколатлари суиистеъмол қилинган бўлса, айбдорларга тегишли жазо кўрилдими? Нега текширув натижалари ва ИИВ тергов идоралари тизимидаги инвесторнинг ҳуқуқларини поймол қилган шахсларга нисбатан қўлланган интизомий чоралар ҳақида инвесторга маълумот берилмаган? Ёки бу ерда биз билмайдиган бошқа гаплар борми?

80 минг долларидан айрилгани етмагандай, 2019 йилнинг октябрь ойида Исмоил Сафо «DE REON» фирмасининг «Қишлоқ қурилиш банк»нинг Яккасарой филиалидан 200 млн сўм кредит қарзи ҳам борлигини, ушбу кредит фирма унинг номига ўтказилишидан бир ой аввал олинганини билиб қолади. Фирма бошқа шахсга ўтаётганда на Давлат хизматлари маркази, на шу фирмага хизмат кўрсатувчи банк янги «хўжайин»ни бу ҳақда огоҳлантиради.

Ажабланарлиси, 200 млн сўмлик кредит меҳмонхонага маиший техника маҳсулотлари сотиб олиш учун ажратилган бўлса-да, амалда ҳеч нарса олинмаган. Исмоил Сафонинг айтишича, судда кредит пуллари шахсий эҳтиёжлар учун ўзлаштириб юборилганига ҳам, фирманинг кредити бўла туриб бошқанинг номига ўтказилишига йўл қўйиб берган масъулларнинг хатти-ҳаракатига ҳам етарлича ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Қизиғи шундаки, кредит таъминоти сифатида Фахриддин Хушвақтов ўзининг «Матиз» русумли, Акмал Атохонов эса «Нексия-3» русумли автомашинасини гаровга қўйган. Буни инвестор нотариал идорада Фахриддин, Акмал ва «Ипотекабанк» Яккасарой филиали ўртасида 2019 йил 13 июнда тузилган гаров шартномасидан билиб қолган.

Акмал Атохонов Яккасарой ички ишлар бўлими Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими, халқона айтганда, «паспорт стол» ходими экани эсингиздадир. Буни қарангки, айнан мазкур кредит шартномаси тузилган кун Фахриддин Хушвақтов Яккасарой тумани Аския кўчаси 46-уй, 56-хонадонда яшовчи Валентина Дорошенконинг уйига бир кунга прописка қилинади. Кредит битими имзоланган куннинг эртасига Хушвақтов ушбу манзилдан доимий пропискадан чиқарилади. Ажабланарлиси, уй эгасининг бундан хабари бўлмаган.

Биз билан суҳбатда Акмал Атохонов Фахриддин Хушвақтов билан таниш эканлигини тасдиқлади, бироқ унинг бизнесдаги шериги эканини инкор қилди. У Исмоил Сафони танимаслигини айтди.

Яккасарой тумани Аския кўчаси 46-уй

Шунингдек, у Зебо Собировага афғонистонликлар тез орада депорт қилинишини айтгани, бундан ташқари, Хушвақтов Яккасарой тумани Аския кўчаси 46-уй 56-хонадонда яшовчи Валентина Дорошенконинг уйига бир кунга пропискага қўйилишида иштироки борлигини рад этди.

«Фахриддин билан танишман, лекин унинг бизнесдаги шериги эмасман. Мен орган ходимиман, қандай қилиб у билан ҳамкор бўламан?! Хушвақтов ва афғонистонликлар ўртасидаги келишувда иштирок этмаганман, Исмоил Сафони умуман танимайман.

Фахриддиндан «выкуп»га (бўлиб тўлаш шарти билан – таҳр.) машина сотиб олганман. Шу жараёнда танишганман. Ҳозир у машинаниям олиб қўйишган. У айни пайтда қаердалигини билмайман. Расмий қидирувдалигини биламан. Ўзим ҳам қидириб юрибман у болани. Охирги марта июль ойларида, прокуратурага чақиришганда кўришганман.

Фахриддин Дорошенконинг уйига прописка қилинмаган. Хизмат текширувида ҳаммаси суриштирилди, прокуратурага ҳам берилди. Хизмат текшируви хулосалари бор. Унинг бир кунга прописка қилинишига мен ёрдам бермаганман. У уй эгаси билан келиб мурожаат қилган. Мурожаатни бошқалардан қандай қабул қилган бўлсам ундан ҳам худди шундай қабул қилганман.

Унинг иши «каша» бўлган. Унинг 56-уйга прописка қилингани электрон тизим орқали кириб қолган. Аслида у Аския кўчаси 46-уй 4-хонадонга прописка қилинган. Хизмат текширувини кўтартиринг, ҳаммаси текширилган. Ҳужжатлар прокуратурага берилган.

Зебо Собировага афғонистонликларни тез орада депорт қилдираман деб айтмаганман, бунақа гапни гапирмайман ҳам. Фахриддиндан машина олганман. Олди-берди бўлган. Фақат шу орқали танийман. Бизнеси, бошқа нарсалари бўйича шерикмасман. Машина учун бошида озроқ пул берганман. Ходим бўлганим учун «доверенность» орқали машина ҳайдолмайман. Шунинг учун у машинани номимга ўтказиб берган. Аммо бошида машинани банкка гаров сифатида қўйишини, шунга рози бўлсам номимга ўтказиб беришини айтган. Мен 3 минг доллар бериб номимга машинани «оформить» қилиб (расмийлаштириб – таҳр.) олганман. Қолганини секин-секин тўлаганман. Ҳозир ўша машина олиб қўйилган, МИБ орқали  сотиб юборилибди ҳам. Мен ҳам Фахриддинни қидириб юрибман», дейди Акмал Атохонов.

Валентина Дорошенко

Бироқ Валентина Дорошенконинг сўзлари Атохонов тасвирлаган воқеа мутлақо бошқача тарзда рўй берганини кўрсатмоқда. Унинг айтишича, неварасига нафақа олиш учун маълумотнома сўраб маҳаллага чиққанида уйига номаълум шахс прописка қилинганини билиб қолган. Шундан сўнг тегишли органларга мурожаат қилган. Бироқ масъуллар буни электрон базадаги хатоликка йўйиб, ишни босди-босди қилишган.

«Фахриддин Хушвақтов уйимизга бир кунга прописка қилинганини тасодифан билиб қолдим ва албатта бундан ҳайратга тушдим. Яккасарой тумани паспорт бўлими ходимлари менинг розилигимсиз уни уйимга доимий пропискага қўйишгани юзасидан даставвал Яккасарой тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилдик.

У ерда ўзимни қониқтирадиган жавоб ололмадим. 4-хонада ўтирадиган Акмал Атохонов менга Хушвақтов аллақачон пропискадан чиқарилганини, бу шунчаки хато туфайли юз берганини айтди. Қизиғи, айнан унинг ўзи Фахриддинга пропискани расмийлаштириб берган, буни барча ҳужжатларга унинг ўзи қўл қўйгани ҳам тасдиқлайди.

Сўнгра Ўзбекистон президентининг Тошкент шаҳридаги халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. У ердагилар ҳам мурожаатимга ғалати муносабатда бўлишди. 23-хонада ўтирадиган одам бу ишни суриштирди. У менга Фахриддиннинг янги манзилини беришини, ким уни сўраб келса ўша манзилга йўллашимни айтди. Яккасарой тумани ИИО ФМБдан Шуҳрат исмли шахс келиб мендан мурожаатим бўйича тушунтириш хати олди. Шундан сўнг яна мазкур ҳолат электрон тизимдаги хатолик туфайли рўй бергани айтилган жавоб келди. Аслида бу ёлғон.

Хушвақтов менинг уйимга прописка қилингани шунчаки компьютерга маълумот киритаётганда юзага келган хатоликмас. У чиндан ҳам хонадонимга прописка қилинган ва паспортига буни тасдиқловчи муҳр босилган. Шунингдек, банкдан қарз олганда расмийлаштирилган нотариал ҳужжатда ҳам Фахриддиннинг яшаш жойи сифатида менинг манзилим кўрсатилган.

Ҳар сафар қаерга мурожаат қилсам, Яккасарой тумани ИИО ФМБдан Шуҳрат исмли шахс келиб мендан тушунтириш хати олади ва мурожаатимга аввалгилари билан бир хил жавоб келади. Мен илк марта мурожаат қилганимда Фахриддин 2019 йил 13 июнь куни гўёки 56-уйдаги 4-хонадонга прописка қилингани ёзилган ҳужжатни кўрсатишганди. Яъни меникига прописка қилинган куни бошқаникига ҳам прописка қилинган. Бу билан ноқонуний ишларининг изини йўқотмоқчи бўлишган. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидан ҳам ходимлар келиб, мазкур ҳолат бўйича хизмат суриштируви ўтказилаётганини айтишганди, мендан тушунтириш хати олишди. Прокуратурага ҳам чақиришди. Бироқ ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, Атохонов ҳам, Шуҳрат ҳам, бошқалар ҳам ўз жойида ишлаб юришибди», дейди Валентина Дорошенко.

Ички ишлар идораси ишни пайсалга солиб, жиноят ишини қўзғатиш жараёнини чўзиб юборгани, жиноятни иссиқ изидан очиш чораларини кўрмагани учун Исмоил Сафонинг илтимосномасига биноан Тошкент шаҳри прокурори Баҳриддин Валиевнинг шахсан аралашуви билан жиноят иши тергови Яккасарой тумани ички ишлар бўлимидан Бектемир тумани прокуратурасига ўтган. Бу ерда ҳам вақтида қарор қабул қилинмагани сабабли иш Тошкент шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлимига ўтказилган.

Бироқ иш Тошкент шаҳар прокуратураси терговига ўтказилгандан сўнг ҳам инвесторнинг мушкули осон бўлмайди. Гарчи шаҳар прокурори ходимларига бу ишни қисқа муддатда кўриб чиқиш ҳақида топшириқ берган бўлса-да, жараён аччиқ ичакдай чўзилаверади.

«Эътиборлиси, терговга қадар текширув давомида икки марта терговчи алмашгани етмагандай, жиноят иши тергови шаҳар прокуратурасига ўтказилгандан кейин ҳам уч марта терговчи алмашган. Ҳалигача масалага нуқта қўйилгани йўқ», дейди инвестор.

Маълум бўлишича, Фахриддин Хушвақтовга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисида ажрим чиқарилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бироқ Хушвақтов ҳалигача қўлга олинмаган. Терговчилар жабрланувчининг нима учун у ҳалигача қўлга олинмаётгани ҳақидаги саволига Фахриддин хорижга чиқиб кетмагани, Ўзбекистонда юргани, бироқ қидирувга берилганига қарамай топилмаётганини айтишган.

Фахриддин Хушвақтов

Мазкур ишни тергов қилаётган бешинчи терговчи – Тошкент шаҳар прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Сарвар Ўтбосаров тергов иши якунига етмагунча интервью бера олмаслигини маълум қилди.

Яққол жиноят белгилари бўла туриб, жиноят иши қўзғатилмай пайсалга солингани, иш қўзғатилгандан кейин ҳам айбдор шахсларга нисбатан чора чора кўриш узоқ вақт чўзилаётганининг сабаби ҳозирга қадар номаълумлигича қолмоқда.

Бизнингча, рўй-рост кўриниб турган жиноятга ўз вақтида ҳуқуқий баҳо беришни пайсалга солиш қонунларга, президент сиёсатига хиёнатдир. Бундай Ўзбекистон ҳеч қачон инвесторлар учун жозибали бўлолмайди. Умид қиламизки, мутасадди идоралар тергов ва тезкор қидирув ишларига етарлича ҳуқуқий баҳо беришади.

Шартли равишда «Бир жиноят изидан» деб аталган ушбу ўрганишларимиз давомида жавобсиз қолган саволлар ва аниқлик киритилиши лозим бўлган ҳолатлар бўйича журналистик текширувларимизни давом эттирамиз.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

y7mzrc90onyiucfo07kqb4xis6dqdpqw

Интернетда боғча ходимлари «кўмир таппи» қилаётгани сурати тарқалди. Воқеа қаерда бўлгани аниқланди

Ижтимоий тармоқларда кўмир кукунидан «таппи» тайёрлаётган аёллар сурати тарқалди. Суратлар эълон қилинган постларда ҳолат қайси …