Главная / Жамият / «52» – юзимизга тутилган ойнага қарадикми?
<

«52» – юзимизга тутилган ойнага қарадикми?

Ажали етган бу ҳамюртларимиз турли жойларда вафот этганида уларнинг ўлими ҳақида билмаган ҳам бўлардик. Аммо Яратган уларни битта автобусда жамлаб, кўзимиз учун мудҳиш бўлган кўринишда жонини олди – сесканишимизни ва мотам тутишимизни ирода этди. Бизнинг – жамиятнинг юзига ойна тутди.

Сескандик, мотам тутдик. Президент зўрға кўз ёшини тутиб турганини кўриб кўзимиз ёшланди.

Аммо, кейин ойнага қарадикми?

Воқеликнинг чинқирган овози

Жойи келса, мантиқсизлик матосига ўралиб қолганидан норози бўлган воқелигимиз овоз чиқариб чинқираб юбораётгандек туюлади. Қалбимиз ва ақлимиз эшигини қаттиқ тақиллатиб, ўзимизни ўзимиз хароб қилаётган нуқталаримизга очиқ-ойдин ишоралар бераётгандек бўлади. Аммо биз, ўз одатимизча, қулоқларимиз ва кўзларимизни ёпиб олиб, на эшитишни, на кўришни истаймиз.

Инсон қадрига нисбатан муносабатимиз бироз бўлса-да ўзгардими? Ёки биз учун бу фоний дунёда ҳали-ҳануз инсон қадридан улуғроқ нимадир борми? Бутун бошли коинот инсон учун яралгани муқаддас сатрларда битилганини, Байтуллоҳ – Аллоҳ таолонинг уйи деб аталмиш Масжид-ул Ҳаром биносидан-да инсон шаъни улуғроқ экани айтилганини биламизми, ёки билмай ўтиб кетамизми? Ёки буни ҳазилга йўймоқдамизми?

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни — ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир». (Жасия сураси, 13-оят)

«У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот. Сўнгра осмонга юзланди ва уларни еттита қилиб тўғрилади. Ва У ҳар бир нарсани билувчи зотдир». (Бақара сураси, 29-оят)

«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди».(Бақара сураси, 34-оят)

Йўқ, ҳазил эмас экан!

Кенглигини ҳис этиш учун тасаввур кучимиз етмайдиган коинотки инсон хизматида экан, нурдан яратилган фаришталарки инсонни улуғлаб унга таъзим этган экан, демак унинг – инсоннинг шаънини ҳақир билиш, пастлатиш коинот кенглигича катта жиноят бўлиб, оқибати оғир экан!

Оғирлигини миллат ўлароқ танамизда ҳис этиб турибмиз. Ва бу ишимиздан тўхтамасак, ҳолимиз асло яхшиланмайди. Яланғоч этиб хўрланган аёл воқеаси тасодифан халққа ошкор бўлдими? Йўқ – уни Хабир Зот ошкор қилди. Бутун бошли туман халқини ҳақорат қилган вилоят ҳокими (!), инсонларни ариққа туширган амалдор (!) – булар тасодифмиди? Йўқ, булар «етиб келган» жойимизни бизга кўрсатувчи кўзгу эди, инсон шаъни биз учун қай даражага тушиб қолганининг даракчиси, қийшайиб, мажруҳ бўлиб қолган тушунчаларимизни ўзимизга кўрсатишга уриниш эди. Аммо… биз кўряпмизми?

«Келажагимиз» дейдиганимиз ёш авлод вакилларининг тобутлари қайтиб келаётганини аҳён-аҳён ўқиб қолар эдик. Сесканармидик? Йўқ! Кейин 52 киши ёнди – сескандик, аммо, хулоса қилдикми?

СССР сарқити

Ўша 4 миллион ишчан, арзон ишчи сифатида ўзга иқтисодиётларни кўтариб келаётган ёшларимизга ўзимизда иш ташкил этиб бўлмайдими? Ростданми?

Балки бу ерда гап иш ташкил қилишнинг имконсизлигида эмас, балки сабаб ҳақир нарсаларнинг шаънини улуғлаб, инсон шаънини паст билиб келаётганимиздадир? Қарийб 4 миллион гектар суғориладиган ерларимизни СССРдан қолиб кетган, мутлақо давр воқелигига, бозор иқтисодиётига тўғри келмаган, самарасиз, маъмурий-буйруқбозлик услубида ишлатиб келаётганимизни, ҳеч бўлмаса 1 миллион гектарини бир гектардан қишлоқ йигитларига эркин фойдаланишга берилса, 1 миллион (!) ёш оила ишли бўлишини ўйлаб кўрдикми?

Устуворлик шкаласи

Ўйлаб кўрдик. Аммо биз – жамият учун қимматли бўлган нарсалар шкаласида инсон қадри ўз ўрнида – юқори ўринда бўлмагани боис ҳар гал бу фикрни ўзимиздан қувамиз. «Бўлмайди», деймиз, «эплашолмайди», деймиз, яна бошқа важларни келтирамиз. Синаб кўришга ҳам кўнмаймиз, ҳатто.

Айнан тушунчаларимиз мажруҳ бўлиб қолганидан кўзимизга кўплаб арзимас важлар кўринадиган, аммо катта, аҳамиятли нарсалар кўринмайдиган бўлиб қолган. Миллионлаб оталар гастарбайтер бўлиб юрган маҳалда миллионлаб болалар ота тарбиясини кўрмай, кўча тарбиясини кўриб катта бўлаётганини, тарбияси нуқсонли бўлган бус-бутун битта авлод ўсиб келаётганини англашга, бунинг асорати нечоғлик бўлишини, тузатиш қийин бўлишини жамият ўлароқ англашга қодирмизми? Аслида, шу эмасмиди биз ташвиш чекишимиз лозим бўлган асосий дард? Зурриёдни, миллатнинг эртасини нуқсонли қилишдан-да каттароқ, қимматга тушадиганроқ зарар борми?

Қишлоқлар инқирози

Меҳнат миграциясининг асосий қисмини қишлоқ ёшлари ташкил қилади. Яъни, Россия ва бошқа ерларда ишлаётган миллионлаб ёшларнинг аксари ўша – қишлоқ йигитларидир.

Ўз юртидаги маънавий бўшлиқ муҳитида маънавий иммунитети шаклланмаган йигитлар ўзга юртларга равона бўлиб, у ерда баъзилари ёт мафкуравий, баъзилари ёт ахлоқий таъсир остида қолдилар. Уларнинг, йиллаб эрсиз кунини ва тунини ўтказаётган келинчакларнинг ҳоли кўзимизга кўриняптими? Йўқ!

Қишлоқларимизда юз бериб турган, негизида ишсизлик ётган чуқур ижтимоий-маънавий-психологик инқироздан хабаримиз борми? Йўқ!

Чунки соҳа мутасаддиларнинг кўзига инсонлар тақдири эмас, балки мавжуд, шаклланган, турган битгани мантиқсизлик ва оворагарчиликдан иборат бўлса-да, гўё «ишлаб турган» фермерчилик азиз бўлиб кўриняпти, инсонлар тақдири эмас.

Ер ўзи нима учун керак?

Қиймати улуғ нарса ер эмас, балки инсондир. Ер эса ҳазрати Инсон учун хизмат қилмоққа, ҳаётини кўркам қилмоққа, Ҳақ томонидан сафарбар этилгандир.

Биз эса 4 миллион гектар экин экса бўладиган еримиз бўла туриб, 4 миллион ёшни – ёш оталарни фарзандларини ташлаб, ўзга юртлар иқтисодиётини кўтаришга «сафарбар» қилиб қўйибмиз. Ўзгалар учун арзон ишчи кучи манбаига айлантириб қўйибмиз.

Соҳа мутасаддиларига аграр соҳанинг туб ислоҳоти ҳақида гапирилса юз буришади, чунки бундай тадбир ташвишли ишдир.

Ташвишдан қочиб эртанги кунимиз учун муаммоларнинг узун, мудҳиш рўйхатини тайёрлаётганимизни биламизми? Кейинги авлоднинг боши муаммолар гирдобидан чиқмай қолишини биламизми?

Аграр соҳанинг туб ислоҳи қишлоқларимиз муҳитини буткул ўзгартириб юбориш кучига эга эканини англамоғимиз лозим. Буни тўғри англаш учун қишлоқ ёшларимизни билишнинг ўзи етарли. Буни билиш учун эса қийин аҳволда, минг машаққатларни енгиб, олақарашларга ва аччиқ тамғаларга чидаб, бегона заминда пул ишлаб оилаларига жўнатаётган йигитлар тимсолини кўз олдимизга келтириш кифоя – ўша бизнинг қишлоқ ёшларидир.

Заволга учраб турган имкониятлар

Яратган томондан ҳар бир жамият учун ато этилган имкониятлар бўлади. Аммо берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиш йўлида ғовлар ҳам бўлади ва бу ғовларнинг бир тоифаси моддий эмас, маънавийдир.

Инсон қадри пастлаб, пахта ёки бошқа бир моддият тури ундан юқорилаб қолса, модда эҳтироми йўлида юксак ҳилқат – руҳ пастлатилса, ана ўша – жиноят бўлиб, жамиятни боши берк кўчага киритиб қўядиган мудҳиш хатодир. Жумладан, Яратган ато этган имкониятларни тўғри истифода этиш йўли устида ётган тўсиқдир. Бу турдаги адашиш ўз-ўзни алдаш, ўз-ўзни овора қилиш кўринишидир.

Мудҳиш қулатиш

Аллоҳ таоло шарафлаган нарсанинг қадрини пастлатиш – гуноҳи кабира. Ва буни қилган жамият оғир оқибатларини тотади.

Зеро, инсонга хизмат қилиш учун яратилган, инсон шахсининг оламшумул эҳтироми белгиси, рамзи бўлиб юзага келган моддият Инсондан устун бўлиб қолиши мудҳиш, ер-у осмон кўтаролмайдиган ҳолатдир.

Нега ҳуқуқий жамият томон юришимиз бунча қийин бўляпти?

Сабаби ўша – ҳазрати Инсон қадрини билмаслигимиз. Онгимизга (дастуримизга) қаттиқ ўрнашиб олган хато (вирус) бизни йўлдан уриб, ҳақ-ҳуқуқларни кўзимизга арзимас қилиб кўрсатяпти, кўзимизга ҳақир нарсалар азиз бўлиб кўриняпти. Инсон қалби азиз, нарсалар эмас!

Яна ер ҳақида

Айтилиши мумкин бўлган эътирозлар ва уларга раддиялар:

  • «Ерни ҳамма ҳам эплолмайди». Фермерчилик янги ташкил бўлаётганда, ерлар юқори малакали мутахассисларга берилди, дейиш учун ҳолатдан мутлақо бехабар бўлмоқ керак. Аксар ҳолатда ерда ишлашни билмайдиган оилаларга 50, 100 гектар ерлар берилди. «Ура-ура»чилик шароитида нималар бўлмади, дейсиз. Энди 50, 100 эмас, балки 1 гектар ерни бир ёш оилага эркин фойдаланиш учун бериш ҳақида сўз очилганда «эплай олмайди», дейиш мутлақо воқеликка тўғри келмайдиган иддаодир.
  • «Ерда ишлаш учун техника бўлиши керак», деган важ билан бундай ислоҳотни рад этиш ҳам мантиқсизликдир, чунки бунақа масалалар ҳам ўз ўрнида ҳал қилса бўладиган муаммолардан. Қолаверса, қишлоқ муҳитини билган ҳар бир киши айтади – ҳар бир қишлоқда ерга техник ишлов беришга ихтисос олган, шу билан тирикчилик қиладиган оилалар албатта бор. Улар ҳозирда фермерлар ва томорқа эгаларининг хизматини қилишяпти. Ҳеч ер техник ишловсиз қолгани йўқ. Ислоҳот натижасида эса бу соҳа ҳам ривож топади. Кейинчалик эса 1 гектар ерга эгалик қиладиган оилалар ўз мини-техникаларига эга бўлиб ҳам олади – оддий эволюцион жараён бу.
  • «Нима экиш» масаласида хатоларга йўл қўйилади, бир маҳсулот кўп етиштирилиб, натижада у реализация бўлмай қолади», деган иддао ҳам бор. Буни важ сифатида кўрсатиб, ислоҳотни рад этиш ҳам калтабинликдир. Ҳозирги замонда қаерда, қанча ва нимага эҳтиёж мавжудлигини мониторинг қилиш қийинчилик туғдирмайди. Муҳими – мазкур мониторинг бюрократик тизимга эмас, балки тижорий, хизмат ҳақига ишлайдиган махсус марказларга топширилмоғи лозим (Жорий йилда содир бўлган, Сурхондарё деҳқони етиштирган минглаб тонна пиёз далада қолиб нобуд бўлгани каби ҳолатлар эса маҳсулот экспорти учун қўйилган сунъий тўсиқлар натижасидир. Сурхон воҳасида етиштирилган эртаки, фойдали биологик элементларга тўла ширин пиёз пишган пайтда бошқа ҳеч бир ерда пиёз пишмаган бўлади ва экспортга тўсиқ мавжуд бўлмаганда у, шаксиз, нобуд бўлмасди).
  • «Ерни ишлатиш ўрнига уйлар қуриб олишади, бўлиб сотиб юборишади». Шартномага тегишли бандлар киритиш орқали бундай хатарнинг олдини олса бўлади. Айтайлик, 30 йилга шартнома тузилади ва ерни сотиш ҳуқуқи берилмайди.

Қийинчиликлар ва баъзи салбий истисно ҳолатлардан ҳеч қандай ислоҳот суғурталанмаган. Аммо, ҳар қандай ислоҳотни баҳолашда у келтирадиган умумий фойда чамаланади. Тилга олинаётган ислоҳот эса пировардида қишлоқларимизда мустаҳкам, тадбиркор, истиқболини ўзи белгилай оладиган, онгли ўрта синфни юзага келтириш имкониятига эгадир. Мазкур истиқбол ҳақида мақоланинг иккинчи қисмида сўз юритилади.

Шокир Шарипов

Ҳаққимизда Anonymous

Яна маълумот

k2axbatvqfkyyvksakg5ifbkcfmxn0s8

Тошкентда «Махсустранс» машинаси ёниб кетди

12 июль куни соат 16:20да Тошкент шаҳар ЁХБ Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказига …