Главные новости
Главная / Жамият / 27 апрелдаги довул ҳақида нега олдиндан хабар берилмади? — масъуллар изоҳи
<

27 апрелдаги довул ҳақида нега олдиндан хабар берилмади? — масъуллар изоҳи

27 апрель кечаси Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида, айниқса Бухоро вилоятида катта талафотларга сабаб бўлди.

Фото: KUN.UZ

Довул уйларнинг томини учириб юборган, электр ва газ таъминоти линияларини ҳам узиб ташлаган эди. Алоқа каналлари ишдан чиқиши оқибатида минглаб аҳоли телефон ва интернет алоқасидан узилиб қолди.

Кучли шамол оқибатида бир киши вафот этиб, 41 киши жароҳатланди.

Талафотни ўрганиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича Бухоро вилояти тезкор штаби маълумотига кўра, вилоят бўйича жами 5293та объектнинг том қисмига зарар етган, шундан 4800таси – якка тартибдаги уй-жойлардир.

Ўша куни вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтлар синган ёки қулаган. Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415та автотранспортига жиддий зиён етган.

Табиий офат давлат бюджетига камида 10 млн долларга тушди. Бундан ташқари, 20 минг тоннага яқин ҳосил йўқотилди.

Kun.uz 27 апрель кунги об-ҳавонинг кескин ўзгариши ҳақида нима учун олдиндан хабар берилмагани, нима сабабдан аҳоли кучли шамол бўлиши ҳақида огоҳлантирилмагани, бир кун аввал – 26 апрелда Хоразм вилояти ҳудудида кузатилган кучли шамол, ҳаво оқимининг кескин ўзгаришидан нима учун тезкорлик билан хулоса чиқарилмагани, фақатгина 27 апрелдаги офатдан сўнг Тошкентда одамлар ички ишлар ходимлари томонидан уйма-уй юриб огоҳлантирилгани бўйича масъуллардан изоҳ олди, содир бўлган ҳолатдан қандай хулосалар чиқарилгани билан қизиқди.

Мурод Содиқов – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

– Одатда «Ўзгидрометеорология» маркази вазирлигимизнинг Фавқулодда вазиятларда бошқарув марказига кутилаётган об-ҳаво тўғрисида кунига 2 марта ахборот юбориб туради. 27 апрель куни ҳам марказга соат 07:21да шу куни кутилаётган об-ҳаво ҳақида прогноз келиб тушган. Ушбу прогнозда 27 апрель куни жиддий талафотларга сабаб бўладиган шамол бўлиши қайд этилмаган. Республиканинг тоғли ҳудудларида секундига 7–12 метр тезликда шамол эсиши айтилган. Бундай тезликдаги шамол одатий бўлиб, ҳеч қандай талафотларни келтириб чиқармайди.

Бу билан «Ўзгидрометеорология» марказини айбдор қилиб кўрсатмоқчимасман. Мутахассисларимизнинг таъкидлашича, ўша куни об-ҳаво кескин ўзгариб кетган. Ўзим ҳам об-ҳаво мутахассисиман, биламанки, баъзида Ўзбекистонда мавжуд асбоблар орқали аниқланган прогнозлар ҳам баъзида хато бўлиб чиқади. Дунё бўйича ҳам об-ҳавони аниқ айтиб берадиган марказ, прогнозларни 100 фоиз тўғри аниқлай оладиган асбоб-ускуналар йўқ.

27 апрель куни шамол прогноздагига нисбатан икки баробар кучли бўлган. Каспий денгизи бўйлаб шаклланиб, Каспий денгизи жануб томонидан чиқиб келган довул Туркманистон орқали дастлаб Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларига кеч соат 20:05ларда кириб келган. Олот ва Қоракўлда шамол бирдан кучайиш тезлиги 30 м/с, ёғингарчилик миқдори 19,5 мм.ни ташкил этган.

27 апрель куни кечаси соат 22:00да «Ўзгидрометеорология» маркази томонидан юборилган прогнозда об-ҳаводаги кескин ўзгаришлар қайд этилган эди. Лекин бу вақтда довул қиладиган ишини қилиб бўлган, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарёда кузатилган кучли шамол секинлашиб бўлганди.

Агар об-ҳаводаги бу каби кескин ўзгаришларни, даҳшатли шамол яқинлашаётганини аниқлашнинг имкони бўлганида «Ўзгидрометеорология» маркази бизга албатта хабар берган ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги одамлар ҳаёти ва соғлиғига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи бу ҳолат ҳақида ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа воситалар орқали аҳолини огоҳлантирган, талафотларнинг олдини олишга ҳаракат қилган бўларди.

ФВВда тегишли меъёрий ҳужжатларга асосан фавқулодда вазиятларни олдини олиш юзасидан хабардор қилиш тизими мавжуд. «Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 4-моддасида ошкоралик ва ахборотнинг ўз вақтида берилиши ва ишончли бўлиши аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилишнинг асосий принциплари этиб белгиланган.

Қандай турдаги об-ҳаво прогнозларида аҳолини огоҳлантириш ёки эвакуация қилиш талаб этиладиган меъёрларимиз бор. Шунга кўра, талафотлар ва моддий зарар миқдоридан келиб чиққан ҳолда кутилаётган ҳолат фавқулодда вазият сифатида рўйхатга олинади ва олдини олиш юзасидан вазирлик ва идоралар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.

Бухоро, Навоий вилоятларидаги довулдан сўнг Тошкент шаҳрида одамлар ички ишлар ходимлари томонидан уйма-уй юриб огоҳлантирилгани ИИВ ва ФВВнинг биргаликда амалга оширган тадбир ҳисобланади. Фавқулодда вазиятлар пайтида ушбу тузилмалар ҳамиша ҳамкорликда фаолият юритади, умумий фаолиятни ФВВ мувофиқлаштириб туради.

Гарчи прогнозларда 28 апрель куни Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида кучли шамол бўлиши қайд этилган бўлса-да, амалда бундай бўлмаган. Бу ҳам об-ҳаво прогнозларини аниқ айтиб бериш нақадар мураккаб жараён эканининг исботидир.

26 апрелда Хоразм вилоятида кучли шамол кузатилганига келсак, ҳақиқатан ҳам ўша куни вилоят ҳудудида бошқа пайтларга қараганда шамол тезлиги юқорироқ бўлган, момақалдироқ бўлган. Лекин у жиддий талафотларни келтириб чиқармаган. Агар фавқулодда вазият эълон қилинадиган даражадаги об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида мутасадди идоралар бизни вақтида огоҳлантирса, керакли маълумотлар билан таъминлашса, бутун тизимимиз талафотларнинг олдини олиш, одамларни қутқариш учун сафарбар қилинади.

Малика Миржамолова – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзгидрометеорология» маркази ахборот хизмати раҳбари:

– Ўзбекистон метеорологик станциялари маълумотларига кўра, бу туманларда шамолнинг тезлиги секундига 22-25 метргача етди, Қоракўл туманида (Бухоро вилоятининг жануби) шамолнинг шиддати секундига 30 метр, Навоий туманида 35 метрни ташкил қилди.

Ушбу табиий офатга хорижий жануб ҳудуди устида шаклланган циклон сабаб бўлди. 27 апрель кечқурун совуқ циклон фронти Ўзбекистоннинг Туркманистонга туташ жануби-ғарбий туманларидан ўтди.

Атмосфера фронти зонасида иккита – кундузи 34-37 даражагача қизиган иссиқ ва совуқ циклон фронти ортидаги салқин ҳаво оқимлари тўқнашди, бу ҳолат ҳавонинг юқорига кучли ҳаракатланиши учун барча шароитларни яратди ҳамда момақалдироқ ва шиддатли шамолнинг ривожланишига олиб келди.

«Ўзгидромет» синоптиклари 27-29 апрель кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб об-ҳавонинг беқарор бўлишини кутган эдилар – об-ҳаво маълумотларида шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши ва вақти-вақти билан момақалдироқли ёмғир ёғиши кўрсатилди. Хусусан, Бухоро ва Навоий вилоятларида бу ҳодисалар 27 апрель куни кечқурун ва 28 апрель куни кечаси кутилган эди. Яъни шамолнинг тезлиги одатдагидан кучлироқ бўлиши ҳақида тегишли идораларга хабар берганмиз, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида шамолнинг кузатилган тезлиги 15-20 м/с атрофида бўлди. Бироқ, Бухоро ва Навоий вилоятининг айрим туманларида шамолнинг тезлиги прогноз қилинган қийматлардан юқори бўлди.

Шамол шундай экстремал тезликка эришишини олдиндан прогноз қилиш мумкинмиди? Афсуски, барча об-ҳаво ҳодисаларини, шу жумладан хавфли ҳодисаларни олдиндан билиш қийин. Бир жойнинг ўзида юзага келадиган кичик ҳудудларни қамраб олиб жуда тез ривожланадиган локал (маҳаллий) ҳодисаларни прогнозлаш жуда мураккаб ҳисобланади.

ОАВда эълон қилинадиган бир парчагина об-ҳаво маълумотининг остида жуда катта меҳнат ётади. Об-ҳаво ҳодисалари, ундаги ўзгаришлар ҳар уч соатда узлуксиз кузатиб борилади. Марказимиз мутахассислари об-ҳаво маълумотларларини тайёрлаётганда нафақат ўзимиздаги маълумотларга таянишади, балки жаҳоннинг етакчи марказларининг маълумотлари, сунъий йўлдошлар томонидан узатилаётган маълумотлардан фойдаланишади.

Жаҳон об-ҳаво марказларининг ҳисоб-китобларига кўра ҳам 27-28 апрель кунлари шамолнинг тезлиги секундига 20 метрдан юқори бўлиши кутилмаган эди. Балки ҳисоб-китобларнинг бундай натижаси пандемия даврида юзага келган маълумотлар етишмаслиги сабабли бўлиши мумкин, чунки бугун дунёда кузатилаётган пандемия даврида метеорологик маълумотлар ҳажми бир неча марта камайди.

Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилганидек, шамол кучининг секундига 30-35 метргача етиши – Ўзбекистон ҳудудида жуда кам учрайдиган ҳодиса. Лекин бу аномал ҳолат дегани эмас. Хусусан, 2019 йилда Навоийда шамол тезлигининг 35 м/с га етгани икки марта қайд этилган. Қоракўл метеостанциясида 1981 йил май ойида шамолнинг тезлиги 40 м/с бўлгани қайд этилган.

Яна шуни ҳам эътиборга олиш керакки, шиддатли шамоллар метеостанциялар йўқ бўлган районларда юзага келган ҳолатлар ҳам кузатилади, бундай ҳолатда улар метеокузатувлар тарихида қайд этилмайди.

Рўй берган ҳолат мутахассисларимиз томонилан атрофлича таҳлил қилинди. Бунақа бўрон, довуллар ҳақида бизда қанақадир маълумот бўлса, биз бу ҳақда албатта Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хабар берамиз. Ҳеч қачон бу нарса яширилмайди ёки махфий маълумот даражасида ушлаб ўтирилмайди. «Ўзгидромет»нинг асосий вазифаси – бўладиган об-ҳаво ҳодисаларини иложи борича олдиндан тўғри, аниқ айтиб, ўз вақтида хабар бериш. Кутилаётган об-ҳаво ҳодисалари, кескин ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш энг биринчи функциямизга киради.

«Соҳа модернизацияга муҳтож»

Kun.uz суҳбатлашган соҳа мутахассисларидан бири исмини очиқламаслик шарти билан айрим муаммолар ҳақида гапириб ўтди. Унинг айтишича, «Ўзгидрометеорология» марказининг техник ва технологик ҳамда инсон ресурслари анча чекланган. Тизимнинг кузатув тармоғи ва станциялари кўп эмас.

«Аслида ҳар бир туманда битта, ҳудуди катта туманларда эса аҳоли сонидан келиб чиқиб бир нечта станциялар бўлиши, бунда ҳудуддаги иқлимнинг ўзгарувчанлиги, ўзига хосликлари инобатга олиниши керак.

Шундай ҳудудлар борки, ҳудудининг бир қисми тоғ, бир қисми текислик, бошқа қисми чўлдан иборат. Бундай шароитда битта станция барча ҳудудлардаги об-ҳаво ўзгаришларини бирдай аниқлаб бера олмайди. Бироқ Ўзбекистонда шунақа жойлар борки, у ерда «Ўзгидрометеорология» марказининг станциялари йўқ. Республика бўйича 83та станция бор», дейди соҳа вакили.

У марказнинг ҳам, станцияларнинг ҳам моддий-техник базаси анча эскиргани, тизим модернизацияга муҳтож аҳволда эканини таъкидлади.

«2018 йилда «Ўзгидрометеорология» марказини модернизация қилиш ҳақида қарор чиққан, лекин ҳужжат ижросиз қолиб кетган. Тизим фаолиятини яхшилаш учун анча-мунча замонавий жиҳозлар, асбоб-ускуналар керак, лекин улар жуда қиммат. Ҳудудларга автоматик метереологик станциялар қўйилиши керак, бу эса катта маблағни талаб қилади.

Ўзбекистонда ҳалиям ҳисоб-китоблар инсон меҳнати билан амалга оширилади. Ўзбекистондаям автоматлаштирилган станциялар бор, лекин бошқа давлатлар билан солиштирганда жуда кам. Бу эса иш сифатига таъсир қилмай қолмаяпти», дейди мазкур соҳада узоқ йиллик тажрибага эга мутахассис.

Унинг айтишича, тизимда фаолият кўрсатаётган ходимларга тўланаётган иш ҳақи кам: шундай ходимлар борки, 800-900 минг сўм ойликка ишлашади. Бу – республикадаги ўртача иш ҳақи кўрсаткичидан ҳам анча паст.

Манба маош пастлиги туфайли яхши мутахассислар келмаётгани, айни пайтда соҳада касбининг фидойиларигина фаолият кўрсатаётгани, улардан кейин нима бўлиши номаълумлигини айтиб ўтди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

79s4uvwrdg2gb1h9y1zzcpf4i5pyy24u

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вафот этди

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабар берди. …