Главные новости
Главная / Жамият / 14 сентябрдан мактабларнинг фақат чорак қисми очиладиган бўлди
<

14 сентябрдан мактабларнинг фақат чорак қисми очиладиган бўлди

Қолган мактабларда анъанавий таълим маҳаллий кенгашлар қарори асосида кейинги икки ҳафта ичида йўлга қўйилади.

14 сентябрь, душанба кунидан бошлаб Ўзбекистонда яна 2300дан ортиқ мактаб очилиб, уларда анъанавий таълим бошланади.

Халқ таълими вазирлигидан хабар қилишларича, 7 сентябрь куни очилган 329та мактаб билан қўшиб ҳисоблаганда, 14 сентябрдан эътиборан фаолияти йўлга қўйилган мактаблар сони 2635тани ташкил этади.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари сони 10 мингга яқин. Ўқувчилар 6,2 миллион нафар, ўқитувчилар эса 486 мингдан ошади.

Аксарият мактабларда анъанавий таълим 1 октябрга қадар тикланиши кутилмоқда. Бунда мактабларни очиш ҳақидаги қарор индивидуал тарзда жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳамда соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ, маҳаллий кенгашлар депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилинади.

«Бундай қарор ҳудуддаги эпидемиологик вазият, ўқитувчиларда аниқланган коронавирус кўрсаткичи, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиқиб қабул қилинади.

Бунда ҳар ҳар бир ҳудуд индивидуал тарзда ёндашаётганлигини ҳам алоҳида қайд этиш мумкин. Айтайлик, Навоий вилоятидаги баъзи мактабларда дастлабки ҳафталарда асосан бошланғич синф ўқувчилари анъанавий таълим шаклига жалб қилинмоқда, бошқа вилоятларда эса мактабнинг ҳар бир синфи турли вақтда ва навбатда ўқишни ташкил қилмоқда.

Ҳар бир вилоят ва туман кесимида фаолияти тикланаётган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар тегишлилиги бўйича ҳокимликлар ва туман халқ таълими бўлимлари расмий интернет тармоқларида эълон қилиниши белгиланган. Шу билан биргаликда, мактаблар синф раҳбарлари орқали ота-оналарни хабардор қиладилар», – дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрдан бошлаб мактаб ўқувчилари учун барча фанлардан телевизион дарслар эфирга узатила бошланади. Онлайн мактаб лойиҳаси доирасида дарслар жадвали кунлик равишда эълон қилиб борилади.

Анъанавий шаклда фаолиятини тиклаган мактабларнинг ўқувчилари мактабга бориши ёки уйда қолиб таълим олиши фақатгина ота-оналар томонидан белгиланиши зарур. Мактаб маъмурияти томонидан ўқувчиларни анъанавий шаклга жалб қилиш ва ота-онага босим ўтказиш тақиқланган.

Қайд этиш жоиз, шу кунларда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларидан COVID-19`га оммавий равишда тест олинмоқда. Дастлабки натижаларга кўра, Андижон вилояти ва Жиззах шаҳрида 52 нафардан, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 60 нафар ўқитувчида коронавирус аниқланган.

Аввалроқ, 1-синф ўқувчиларига «Президент совғаси» 14 сентябрь куни топширилиши хабар қилинганди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

o3jgniyssi98uaziqx0gg0riagm-wdsm

Яна бир хусусий бандлик агентлигига чув тушган фуқаролар бош вазир қабулига йиғилди. Зарар миқдори 9 млрд сўмга яқин

Бугун, 21 сентябрь куни «Profelite IMP xususiy bandlik agentligi» МЧЖдан пулини ололмаётган ўнлаб фуқаролар Тошкентга …