Главная / Без рубрики / Мактаб ўқувчиларидан пахта терими учун пул сўраш мумкинми?

Мактаб ўқувчиларидан пахта терими учун пул сўраш мумкинми?

Kun.uz таҳририятига қўнғироқ қилиб, мурожаат қилган отанинг айтишича, фарзанди таълим олаётган Наманган туманидаги 1-мактаб 3-синф ўқувчиларининг ота-онасидан 2017 йил пахта терим мавсумида ёлланма меҳнаткашларни жалб этиш ёки ўрнига пул сўралмоқда. Халқчил қилиб айтганда, «кунлик пахта теримига мардикор қилиб беринглар, бўлмаса, кунига 20 минг сўмдан тўлов қилинг», дея талаб қилинмоқда.

paxta-terish

Kun.uz мухбири мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, аввало халқаро ва миллий қонунчилигимизга назар ташлади. Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган Халқаро Меҳнат ташкилотининг бола меҳнатига доир конвенциясида, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда, Инсон ҳуқуқлари декларациясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги миллий қонунчилик базасида ҳам «вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга бевосита ёки билвосита жалб этиш тақиқланган».

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати мазкур масала юзасидан ўз муносабатини билдирган: ҳар қандай ҳолатда ҳам бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди, умумтаълим мактабларида ноқонуний пул йиғишлар тақиқланган.

Мухбир билан суҳбатда бўлган отанинг айтишича, фарзандининг синф ўқитувчиси «мардикор олиб беришни ёки ўрнига 20 минг сўм тўлашни бот-бот такрорламоқда, балки бу фарзандининг баркамол ўқиб ўрганиши учун кимгадир оддий чиқимдир, ёки миллий бойлигимиз учун ўз ҳиссамизни қўшишдир», деган ота ва ушбу ҳаракат нечоғлик қонуний эканлигини сўраган.

Наманган туманидаги 1-мактаб директори Жамолхон Турсунов билан боғланганимизда, у воқеанинг тафсилотини қуйидагича сўзлаб берди: «Бу ерда англашмовчилик бўлган, яъни пул йиғими ҳақида ҳеч қандай сўз ҳам бўлмаган. Бир гуруҳ ота-оналар эса ўз хоҳишига кўра, «оқ олтин» хирмонига ўз ҳиссамизни қўшамиз, дея теримга чиқишган. Буни яшаш жойларидаги МФЙ вакиллари ҳам тасдиқлайди», дейди.

Шуни айтиш жоизки, бу кўринишдаги бола меҳнатига йўл қўйилмайди. Шунингдек, ҳар қандай шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш қонун билан тақиқланган. Агар ҳуқуқ ва эркинликларингиз поймол этилаётган ҳолат юз берса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 200-06-00 ишонч рақамига, Вазирлик ҳузуридаги Меҳнат инспекция 239-41-12 ишонч рақамига ёки http://inspektor.mehnat.uz/ сайти орқали мурожаат қилган ҳолда хабар беринг. Бундан ташқари, иш жойдаги меҳнат муносабатларида мажбурий ишларга жалб этиш ҳолати кузатилса, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг 200-10-92 ёки 1092 ишонч рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Ҳар қандай ҳолатда мажбурий меҳнат кўринишидаги ишга «ўз хоҳишингиз билан» розилик бериш ҳақидаги тилхат, аризага имзо чекманг. Бу билан сиз келгусида ўз ҳуқуқ ва эркинликларингиз учун курашиш имкониятидан маҳрум бўласиз. Агар иш жойингизда шахсингизга нисбатан босим ёки таҳдид уюштирилса, тегишли ҳуқуқни муҳофаза этиш органларига мурожаат қилинг.

Яна маълумот

Тожикистон мебел фабрикалари руйхати

Тожикистондаги мебел ишлаб чиқарувчилар ро’йхати

Тожикистонда мингга яқин киши мебел ишлаб чиқариш билан шуг’улланади, улар орасида деярли 100 та корхона …