Главная / Жамият / Қаршилик йигит хиёнатда гумонланган аёлини фарзанди кўз ўнгида ўлдирди
<

Қаршилик йигит хиёнатда гумонланган аёлини фарзанди кўз ўнгида ўлдирди

Банклар яна эски услубда ишлай бошлади. Хотинини хиёнатда гумонлаб ўлдирган қашқадарёлик йигит 16 йилга кесилди. Лола Каримова Россиядан Гдлянга қарши жиноий ишни Ўзбекистон бош прокуратурасига ўтказишни талаб қилди.

Банклар яна “эски тос – эски ҳаммом” қабилида иш кўра бошлади

Сўнгги йилларда мамлакат банк тизимида ижобий ўзгаришлар рўй берди, банк ходимлари аҳолига кредит таклиф қилиб, уйма-уй юрди, пластик картадан нақд пул ечадиган банкоматлар ўрнатилди. Аммо, “Оила даврасида” нашрига кўра, бугун айрим банклар яна “Эски тос – эски ҳаммом” қабилида иш кўришни бошлади. “Қай бир банкоматга пул ечтириш учун борманг, ҳаммасида одам гавжум. Бунга сабаб, банкомат ё ишламаётган, ёки пули тугаб қайтадан маблағ юклаш кечикаётган бўлади. Устига-устак, даставвал бир миллиондан беш юз минг сўмгача нақд кўринишда пул маблағи ечган банкоматлар бугун икки ёки уч юз минг сўмдан ортиқ ечмаяпти. Банк мутасаддиларининг бундай “марҳамати” вақтинчаликмиди? Банк тизимига одамлар энди ишонаётган айни пайтда яна олдингидек иш тутиш адолатданмикан?” деб ёзади газета.

Қашқадарёлик эркак хиёнат кўчасига кирган аёлини фарзанди кўз олдида ўлдирди

Қашқадарё вилояти Қарши туманида яшовчи, бозорда аравакашлик қилиб рўзғор тебратган эркак хотинининг жонига қасд қилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси вакили Баҳодир Шералиев “Ҳуқуқ” нашри орқали хабар беради. 2009 йилда турмуш қурган эр-хотин икки фарзандли бўлишган. Бу орада хотин хиёнат йўлига киргани ҳақида мишмишлар тарқалган. Шундан кейин оила ажрашиб кетган. Орадан бир йилча вақт ўтиб, эркак хотини ва болаларини уйига олиб келиб, бирга яшай бошлаган. Тунда хотини ким биландир телефонда сўзлашаётганини кўрган эр ундан ким билан гаплашаётганини сўраган. Аёл эса “Сенинг ишинг бўлмасин, мен хоҳлаган одамим билан гаплашаман” дея беписандлик билан жавоб берган. Шундан кейин аравакаш йигитнинг жаҳли чиқиб, хотинини қизи кўз ўнгида бўғиб ўлдирган. Суд ҳукмига кўра, исми ошкор этилмаган оила бошлиғи 16 йилга озодликдан маҳрум этилган. Судланувчи ва марҳуманинг икки фарзандига ҳомий ёки васий тайинлаш Қарши тумани ҳокимлигига юкланган.

Лола Каримова: “Гдлян ўзбек халқини талаб, мислсиз бойлик орттирган”

Терговчи Тельман Гдлян 1983-1989 йилларда Ўзбекистонда қатағон олиб боргани, ўзбек миллатига нисбатан мудҳиш жиноятлар содир этгани учун жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисоблайди Адлия вазирлиги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлари доктори Лола Каримова (“Ҳуррият”, 20 июнь). Адлия вазирлиги вакилига кўра, терговчи қанчадан-қанча бегуноҳ раҳбар ва уларнинг оила аъзолари бошига кулфат ёғдирган. “У халқни талагани ҳисобига бойиб кетди. Терговга тортилган шахслардан олинган мол-мулклар ва ашёлар қонунга мос тарзда рўйхатга олинмаган, аксари қисми йўқ қилиб юборилган, Гдлян уларни ўзлаштирганига сира шубҳам йўқ. У шу тариқа мислсиз бойликка эга бўлди” дейди доктор Л.Каримова. Қайд этилишича, Гдлян келгусида жамоат арбоби, яъни депутат, Бош прокуратуранинг юқори амалдори, сиёсий арбоб, қўйинг-чи, даҳо бўлишни истаган ва у бу мақсадига эришган ҳам. СССР Олий Кенгашига депутат бўлган ва бу билан ўзининг жиноятларига қарши иш очилганда депутатлик иммунитетидан унумли фойдаланган. Доктор Л.Каримовага кўра, СССРнинг меросхўри сифатида Россия бош прокуратураси Гдлянни жиноий жавобгарликка тортиш ишини кўриб чиқиши ёки тегишлилигига қараб Ўзбекистон бош прокуратурасига ўтказиши керак. Аввалроқ ўзбек зиёлилари шўро даврида Ўзбекистон халқига нисбатан қатағон олиб борган “десантчилар” сардори бўлган Гдлянни Гаага халқаро судида жазолашни таклиф қилган эди.

Ҳаққимизда anvarj63

Яна маълумот

kolco

Оилавий ажримлар: калаванинг учи кимнинг қўлида?

Рўйи заминда бир никоҳ бузилганда Арши аъло ларзага келади… Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин …