13/12/2024
Главная / Без рубрики / Самарқанд руҳий касалликлар шифохонасидаги машмашалар-2: заруриятсиз моҳият

Самарқанд руҳий касалликлар шифохонасидаги машмашалар-2: заруриятсиз моҳият

Самарқанд вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фаолият кўрсатаётган ходимлар (жами 14 киши) томонидан йўлланган мурожаат асосида журналистик суриштирув олиб бормоқда. Бундан аввалроқ текширувлар натижасининг биринчи қисми нашр қилинганди.

Суриштирувлар бошланганидан буён ўтган муддат ичида шифохона раҳбарлари ҳужжатлардаги камчилик-нуқсонларни тузатиш устида жиддий тер тўкишгани аниқ. Бироқ айрим хулосаларни чиқариш мумкин. Ҳужжатлардаги номутаносибликлар учун айбдор топилиши ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши керак, албатта.

Масалан, шифохонага тегишли автомашиналарнинг ҳисобдан чиқарилишида тўғридан тўғри мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолати кўзга ташланмоқда.

15 бош қорамол тирик вазни 2016 йил 18 август куни 11 минг сўмдан баҳоланиб,  жами 17 млн 72 минг сўмга сотиб юборилган. Назаримизда, қорамолларнинг нархи пасайтириб баҳоланган. Қорамоллар 9 та она сигир, 1 та ҳўкиз ва 5 та урғочи бузоқ бўлгани ҳолда уларнинг умумий вазни 1552, яъни ўртача 101 килограммдан эканлиги бироз шубҳали. Пасайтириб баҳоланган ҳар қандай битим сохта битим ҳисобланади.

Суриштирувлар чоғида 810 беморга (ҳар бир бемор учун давлат томонидан кунига 46 минг сўм ажратилади) мўлжалланган шифохонада 525 та тўлиқ ставкада 786 кишининг ишлашига ҳам эътибор қаратиш керакка ўхшайди. Чунки бундан аввалги бошқарувда шифохонада ҳақиқий маънода руҳий хаста ва даволанишга муҳтож кишилар қолдирилган, бошқа 300 га яқин муваққат беморга жавоб берилган. Бемор ўринлари сони 500 тагача камайтирилган. Айни вақтда эса, койкалар сони оширилган. Боз устига, шикоятчилар ўз аризасида ставкалар қисқартирилишидан эмас, кўпроқ қисқартирилган ставкалар эвазига янги ходимлар ишга қабул қилинганидан ёзғиришган. Буни биз билан суҳбатда одамларни иш билан таъминлаяпман, деб бош врач ҳам қисман тан олди.

Бизга тушунтиришларича, айрим руҳий касал бўлган беморларнинг оила аъзолари уларни шифохонага ётқизиб, ўзлари ойлаб хабар олмай юрадиган ҳолатлар бўлади. Стандарт ташхислаш ва даволаш ҳақидаги ССВ йўриқномасига кўра, асосий руҳий касаллар шифохонада 1 ой, узоғи 1,5 ой даволаниши керак. Фақат депрессив касаллар 3 ой ётиб даволаниши мумкин. Бемор яқинлари унга руҳий касаллиги учун давлат томонидан бериладиган нафақани ишлатиб юраверишади. Бундай беморлар ногиронлар мурувват уйларига ўтказилса, умрининг сўнгига қадар тўлиқ давлат ҳисобидан таъминланади. Бироқ қариндошлар нафақа пулидан қуруқ қолишлари сабабли бунга асло кўнмайдилар. Беморларга янгидан-янги, пайдар-пай улаб касаллик тарихи очилиб, шифохонада олиб қолинаверади. Иддао қилинишича, бу хизмат ҳам текин эмас.

Албатта, қимматбаҳо дори-дармонлар, антибиотиклар давлат ҳисобидан келтирилиб, беморларга ишлатилди, деб ҳужжатлаштирилаётгани, дори воситалари ишлатилмасдан қўлларга чиқариб юборилаётган бўлиши ҳам мумкин.

Ошхонада пиширилаётган овқатлар ҳам кўнгилдагидек эмаслиги, маҳсулотлар «туя» қилиб юборилаётганлигига ҳам ишонса бўлади. Бунда ҳам қатъий тартиб ва назорат керак бўлади. Чунки бунақа ҳолатлар битта шу шифохонада рўй бераётгани йўқ.

Ёки шифохонада даволанаётган беморларни “меҳнат терапияси” важи билан шифохона ҳудудида ишлатиш, ҳаттоки ёндош қишлоқдаги хонадонларга мардикор сифатида бериб юбориш (шу ҳолда ҳам уларнинг овқатланиши шифохона ҳисобидан бўлиб турар эмиш) ҳоллари юз бераётган бўлиши мумкин. Бироқ бундай ҳолатлар билан мутасадди органлар чуқурроқ, «арқонни узунроқ ташлаб қўйиб» шуғулланганлари маъқул. Ахир, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Балки бу гаплар ҳеч қандай асосга эга эмасдир, аммо текширувга келувчи мулозимлар бундай гапларнинг асоссизлигини фақатгина қоғоздагина кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан, исботлаши керак бўлади.

Шифохонага ёндош маҳалла фаоллари ҳам келиб, бош врач қишлоққа келувчи йўлларга шағал тўкиб текислагани-ю, ўша зикр этилган чўян панжаралардан 300 донасини маҳалла қабристонини ўраш учун бергани (албатта, ҳужжат ва баённома асосида — таҳр.), қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаётганини таъкидлаб ўтишди. Т.Қодировнинг ўзи ҳам буни тасдиқлади. Аслида шифохона мулки (чўян панжара) ни маҳалла қабристонига ҳадя қилишга бош врач қанчалик ҳақли?

Бироқ, шифохона ҳудудини ўраб олиш учун барпо этилаётган, қурилиши маблағ етишмаслиги туфайли вақтинча тўхтатилган деворнинг эски жойидан эмас, даволаниш корпусларига яқинлаштирилган ҳолда қурилгани оқибатида эски ва янгиси ўртасида пайдо бўлган анчагина катта бўш ҳудудда (бош врач у ер боғ қилинади, деди) кейинчалик маҳалла фуқаролари ўзларига ноқонуний тарзда уй-жой қуриб олмаслигига ким кафолат бера олади? Ахир ер шифохона деворининг ташқарисида қолиб кетяпти-ку?

Маҳалла фаолининг айтишича, шифохонанинг аввалги бош врачи (М.Ўтаева) ходимларнинг турар-жой ҳовлисига қурган рухсатсиз қўшимча ёрдамчи биноларни булдозер олиб келиб бузиб ташлаган. М.Ўтаева санитария-гигиена талабларига мос бўлмаганлиги, шифохона ҳудудини ходимлар ўз билганича тасарруф этганларига тоқат қила олмагани боис, биноларни бузишга буйруқ берганини таъкидлайди.

Тоҳиржон Қодиров ўз шахсий фикрларини билдирар экан, бу ёзди-ёздиларни, аввалги бош врач (Моҳира Ўтаева) уюштираётганини айтади.

KUN.UZ суҳбатлашган кишилардан бирининг айтишича, бир вақтлар Қодиров ва Ўтаева ораларидан қил ўтмайдиган даражада аҳил бўлишган (буни Ўтаева ҳам, Қодиров ҳам тасдиқлади). Ҳаттоки, оилавий борди-келди ҳам бўлган (икки томон қайд этган айрим маълумотлар шахсий ҳаёт масаласига тегишли, шу сабабли буни ёритмасликка қарор қилдик). Эндиликда, шифохона бош врачи Т.Қодиров ва М.Ўтаева яширинча, саҳна ортида кураш олиб бораётган кўринади. Гарчи, Ўтаева тилда бошқа важларни билдираётган бўлса-да, учбурчакнинг учинчи томони ҳам борлиги суриштирув чоғида намоён бўлди.

Бунинг сабабини билишга қизиққанимизда, М.Ўтаева бош врачлик вақтларида, унинг Нуриддин деган муовини бир аёлни ишга жойлаштиришга ваъда бериб, ундан пора олаётганда миллий хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олингани маълум бўлди. Шундан сўнг, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси М.Ўтаевани ҳузурига чақиртириб, ариза ёзишни сўрайди.

Т.Қодировнинг айтишича, М.Ўтаева пора билан боғлиқ ҳолатда унинг (Қодировнинг) қўли борлигини гумон қилмоқда. Лекин, Қодиров бу шифохонага бош врач бўлиш учун елиб-югурмагани, балки ўша вақтдаги вилоят ҳокими (З.Мирзаев) томонидан тайинланганини иддао этади.

М.Ўтаева ҳам ҳеч кимдан ёмон гумон қилмаслиги, аксинча депутатлик суриштирувини ўтказувчи гуруҳ таркибида мутахассис сифатида мазкур шифохонага борганида дуч келган тартибсизликлар, ўзининг озми-кўпми қўшган ҳиссаси, меҳнатига ачинаётганини таъкидлади. Холислик учун қайд этиш керак, Ўтаева бош врач бўлган вақтларда бу ерда жиддий тартиб ўрнатилган. Шифохонанинг шахсий ёрдамчи хўжаликдан оладиган даромади кескин ошган, ер ҳудудлари деҳқонларга ижарага қонуний асосда берилган, улардан сабзавотлар кирим қилинган, қорамоллар сони 97 бошга етган. Айнан у раҳбар бўлган вақтда шифохонада капитал таъмирлаш ишлари бошланган.

Энг қизиғи “ёзувчилар” изимиз совимасдан бизнинг ҳам устимиздан ёзишди…

Мақола аризачиларнинг, текширишга келганлар шифохонада содир бўлаётган ўзлаштиришлар, ўғриликлар ва зўравонликларни очмасдан кетиб қолишмоқда, деган иддаоси билан бошланган эди.

Бизнинг мақсадимиз мазкур шифохонадаги муаммоларда кимнидир айбдор қилиш, хулоса-ю ҳукм чиқариш эмас, балки ўзимиз кўрган-эшитган нарсаларни холис ёритиш, шу билан кенг жамоатчилик эътиборини Самарқанд руҳий касалликлар шифохонасига қаратиш эди.

Биз бориб, кўрсатилган важлар бўйича саволларни бериб, жойларни съёмка қилиб, материал учун маълумотлар тўплаб қайтиб, эртаси куни Иштихон туманида бошқа бир аризачининг шикоятларини ўрганиш учун юрганимизда KUN.UZ таҳририятига ва sayyod.com сайти раҳбарига «РКШ бош врачи томонидан KUN.UZ журналистларига пора берилиб, иш босди-босди этилгани» ҳақида хабар етказилган. Яъни аризачалар ёки манфаатдор томон ўша куниёқ KUN.UZ сайтида фош этувчи танқидий мақола чиқиши, бош врач ишдан олинишини кутишган, шекилли.

Ҳаттоки, аризани уюштирганлар турли идораларда ишловчи танишлари орқали ҳам босим ўтказишга уринишди ҳамда мақолани уларнинг мақсадига мос равишда ёритилишига ҳаракат қилишди. Биз сайтимизда анонс берганимиздан сўнг узр сўралгани учун ҳам бундай инсонларнинг исм-фамилиясини фош этмасликка аҳд қилдик, лекин ҳеч қандай амалдор, мулозим ва ёки ходимнинг журналистлар текширувига аралашишга, уларга нимани ёзиш бўйича кўрсатма беришга ҳақи йўқлигини яна бир карра эслатиб қўйишни жоиз деб билдик.

Шу ўринда бир жиҳат кишини ўйга солади. Айтайлик, бизга мурожаат қилганлар холис, ҳуқуқбузарликларга кўз юма олмаган, виждонлари пок инсонлар экан, унда нима учун 2016 йилда уюштирилган обуна, пахта мавсумида берилган пуллар каби масалалар устидан нега ўша вақтда эмас, бугунга келиб арз қилинмоқда? Иккинчидан, нима учун журналистларга босим ўтказишга уринишлар бўлди?

Улар ўзларининг бу каби ҳаракатлари билан айнан биз айтгандек, истагандек ёзишларинг шарт, бошқача бўлиши мумкин эмас, деяётгандек. Ниятлари йўлида текширувчиларни ҳам, журналистларни бемалол ёмонотлиқ қилишдан тап тортмасликлари кишини ҳайратга солади. Ҳолбуки, текширувчилар ҳам, биз ҳам қонунбузарликларни аниқладик. Ўз хулосаларимизда қайд этдик.

Уларнинг ўзаро хусумати касрига журналист қолиши керакми ёки журналистни ўзлари чалган куйга ўйнатиш мумкин, уларнинг беғараз ва холис фаолиятидан ўз ниятларини амалга оширишда қурол сифатида фойдаланса бўлади, деб ўйлашмоқдами? Қаттиқ адашишади!

«Оккама устараси» деган услубий принцип бор. Унда «Ҳеч бир заруриятсиз моҳият  кўпайтирилмаслиги керак», дейилади. Яъни, унга кўра, бир воқеликни тушунтириш учун икки гап етарли бўлса, учинчи гапга ҳожат йўқ. Алоҳида таъкидлаймизки, биз бу мавзуга бошқа қайтмаймиз.

Яна маълумот

original-z9e

2 миллион киши яшайдиган Ғазо сектори «зарбалар ёмғири» остида қолди

Бу ерда яшовчи аҳоли вазият асирига айланган. Исроил ҳукумати бу ҳудудни тарк этишга чақирган, аммо …